06 October 2012
12:06 - Нью-Йорк фондлар биржаси шунчалик барқарорлашдики, яхши хабарга ҳам парво қилмадими?
Кеча АҚШда инвесторларни қувонтириши, фондлар бозорини жонлантириши керак бўлган хабар бор эди. Расмда кўриниб турганидек, бу хабардан энг хурсанд бўлган одам АҚШ президентлигига яна номзод бўлган ҳозирги Президент Барак Обама бўлди.

Чунки, ишсизлик даражасининг август ойидаги 8,1 фоиздан сентябрь ойида 7,8 фоизга тушиши - Обаманинг президентлик кампанияси учун катта совғадир. Бунинг устига, Обама президент бўлгандан бери ишсизлик даражаси энг паст даражага тушган экан. Табиий, ишсизлик даражасининг тушиши ҳамма учун ижобий хабар эканлигини инкор этмоқчи эмасмиз.

Лекин фондлар бозори катта байрам қилмади, Dow Jones индекси кеча, яъни ҳафтанинг охирги иш куни 35 поғона кўтарилди. Тўғри, ҳафталик ўсиш ёмон эмас – 170 поғона. Энди Нью-Йорк фондлар бозорининг асосий кўрсатгичи 13610 га тенг.

Аввалари ҳам кўп марта қайтарганимиздек, 2008 йилги молиявий-иқтисодий кризис бошланишидан олдин Dow Jones индекси 13-14 минг ўртасида ўйнаб турарди. Демак, кризис битдими? Барқарорликка эришган Dow Jones энди унча-мунча нарсага парво қилмайдими? Ҳарҳолда шундай бўлса керак. Кўз тегмасин!