03 October 2012
04:35 - “Foohoosha”нинг Theatr.uz/2012 фестивали “Алвон елканлар” спектакли билан очилди
Ўзбекистон ёшлар театрида Фонд Форумнинг санъат ва маданият йўналишидаги энг катта лойиҳаси Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталиги доирасида ўтказилаётган учинчи “Theatr.uz/2012” халқаро театр фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, дейилади olam.uz сайтининг хабарида.

Маълумки, Фонд Форум Ўзбекистон Президентининг кўпроқ “Foohoosha” лақаби билан танилиб бораётган қизининг мулкидир. Шу сабабли фестиваль ҳам уники эканлиги ўз-ўзидан маълум.

“Theatr.uz/2012” фестивалида пойтахтимиз ва вилоят театр жамолари қатори Болгария, Россия, Исроил, Қозоғистон, Тожикистондан театр усталари ташриф буюради. Унда 5 та маҳорат дарси, 4 та ҳамкорликдаги лойиҳа, 5 та хорижий, 5 та вилоятларимиз ва 7 та пойтахт театри спектакллари, диплом спектакллари намойиши ҳамда илий-амалий анжуман ўтказилиши кутилмоқда. Саҳна асарлари томошабин ва мутахассислар эътиборига ҳавола этилади.

Бу йилги театр фестивали дастури ранг-баранг бўлиб, турли жанлардаги спектакллари билан энг талабчан мухлисларни ҳам таъсирлантира олади. У ижодий лабаратория шаклида ўтказилмоқда. Ижодий жараён, санъат объектини яратиш ва уни ривожлантириш масалаларини ўрганилиши бу йилги фестивалнинг асосий йўналишини ташкил этади.

Театр постановкаларидан ташқари Ёшлар театрида Буюк Британия ва Ўзбекистон театрларидан маҳорат дарслари, “Хэппи энд” пьесаси муаллифи Идо Нетаньяху ва лойиҳа иштирокчилари билан ижодий учрашув ва Камолиддин Беҳзод номидаги рассомчилик ва дизайн миллий институтида германиялик рассом Лутц Хофмандан маҳорат дарси бўлиб ўтади.

“Theatr.uz/2012” халқаро театр фестивалининг очилиш маросимида Ўзбекистон ёшлар театри томонидан саҳналаштирилган Александр Гриннинг “Алвон елканлар” спектакли намойиш этилди.

“Art Week Style.uz-2012” санъат ҳафталиги доирасида ўтказилаётган барча тадбирлар мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, ижодкорлар меҳнатини эъзозлаш ва рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга хизмат қилади, дея хабар беради Фонд Форум матбуот хизмати.