25 September 2012
00:23 - Измирлик Ўзбек оиласининг қизи ҳамма каби оёқда юришни орзу қилади
Фамилияси Ўзбек бўлган Элиф ва Мурат исмли эр-хотиннинг икки оёғи калта, тизза суягисиз туғилган, шу сабабли, қўллари ёрдамида судралиб юрадиган 9 ёшли қизлари Орзунинг бирдан-бир орзуси - ҳамма ўртоқлари каби юрадиган кунларга етишиш.

Измир шаҳридаги кечақўнди (турклар бир кечада қонунсиз қуриб олинган уй ва кулбаларни шундай деб аташади) уйда, қўшниларининг ёрдами билан ҳаёт кечираётган Ўзбек оиласининг қизларини операция йўли билан оёққа турғизиш учун пуллари йўқ. Керак пул – 30 минг Турк лираси, 20 минг доллар атрофида.

Энг қизиғи, бу оиланинг 21 ёшдаги ўғли ҳам бор, аммо армияда хизмат қилади.

Бугун Туркиянинг энг буюк газетаси “Миллиёт”да берилган хабардан кейин, балки, бу оилага, тўғрироғи бахтсиз Орзуга ёрдам қўлини чўзадиганлар чиқар.

Бу турк оиласининг исми Ўзбек бўлгани учунгина эмас, биз турклар, қардош халқлар бўлганимиз учун, қолаверса, ҳамма халқлар қаpдош бўлгани учун, ким билади, Орзуга ёрдам берадиган ўзбеклар ҳам топилар.