23 September 2012
06:22 - “Ҳаракат”: “МТС-Ўзбекистон” (Ўздунробита) йўқотилди, TeliaSonera (Ucell) яшайдими?

19 сентябрь куни шведларнинг SVT телеканлида бу мамлакатнинг мобиль телефон алоқалри билан шуғулланувчи TeliaSonera компанияси Ўзбекистонга кириш ва ўз бизнесини мустаҳкамлаш учун қинғир ишлар қилгани иддао этилганидан кейин, бу мавзуга қизиқиш яна ортди шекилли, швециялик журналистлар биз билан боғланиб, агентлигимиз сайтида эълон қилинган “Из почтового ящика «Харакат»: Скандал по делу об отмывании денег Гульнарой Каримовой набирает обороты” (31 август 2012 йил) ва “Ўзбекистон режими: Йўқолсин “Ўздунорбита”, яшасин “Ucell”! (26 июль 2012 йил)” номли материаллар билан қизиқиб қолганларини айтишди ва шу мавзуда баъзи саволларга жавоб беришни сўрашди. Уларни ҳайрон қолдирган нарса сифатида, бу мавзуда ёзаётганлар кўп бўлса ҳам, айнан бизда мавзу лўнда ва аниқ таҳлил қилингани, фақат биз “МТС-Ўзбекистон” йўқ этилиб, унинг ўрни TeliaSonera компаниясига берилаётганининг фарқига бораётганимизни айтишди.

Уларга жавобимиз жуда қисқа бўлмаса ҳам, етарлича лўнда бўлди:

Бизнинг бундай масалалар билан махсус шуғулланиш ниятимиз йўқ. Чунки коррупцияга қарши курашда коррупционерларнинг ишини ошкоралик принциплари асосида фош қилиш ва фош қилинганларни жазолаш энг самарали усул эмас, балки энг самараси кам бўлган усул. Фойда олиш учун ишлаётган компаниялар бор экан, коррупцияни йўқ қилиб бўлмайди.

Худди, автомобиллар бор экан, автоҳалокатларни мутлақо йўқ қилиб бўлмагани каби. Автоҳалокатларни минималлаштиришга ҳаракат қилиш лозим. Автоҳалокат қилганларни жазолаш усули билан катта ннтижаларга эришиб бўлмайди, ҳозир автоҳолактларга сабаб бўладиган ташқи омилларни йўқ қилиш ёки камайтириш йўлидан кетилмоқда. Масалан, катта чорраҳаларда авто-оқимлар кесишмаслиги учун кўприклар қуриш, майдароқ чорраҳаларга сфетофорлар ўрнатиш, катта йўлларда қарама қарши авто-оқимларни бир-биридан турли тўсиқлар билан ажратиб қўйиш ва ҳ.

Шунга ўхшаб, коррупцияга қарши курашнинг энг самарали усули – коррупционерларни фош қилиш ва жазолаш эмас, уларнинг коррупцион имкониятларини камайтириб қўйишдир, қисқа қилиб айтсак, демократиядир. Айнан демократик мамлакатларда, масалан, Швецияда, коррупция масштаблари бошқаларга нисбатан жуда оз. Ўша оз, аммо, борларини фош қилиш имкониятингиз борлиги - сиздаги демократиянинг маҳсулидир.

Шулардан келиб чиқиб, биз ҳозирги босқичда Ўзбекистонда демократик жараёнларни ривожлантириш масаласига урғу бермоқдамиз ва ҳақлигимизга ишонамиз. Демократияни ривожлантирайлик, коррупционерларни фош қилиш ниятидаги сиз каби журналистлар шунчалик кўпаядики, уларнинг ўзи коррупционерларни ов қилишади.

 

Дарвоқе, бизга бундай мурожаатлар 19 сентябрдан олдин ҳам бўлганди.