19 September 2012
16:02 - Беҳзод Ризаевнинг номи “Қора рўйхат”да! (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №30, 18.09.2012)
Эндигина икки мучални тўлдирган Беҳзод Ризаев “Сирдарё наволари” академик ашула ва рақс ансамбли созандаси, қатор кўрик танловларда тенгсиз топилган. Хусусан, “Келажак овози” танлови ғолиби ўлароқ бир қанча мамлакатларда ўзбек санъатини намойиш этиб, танилиб бораётган ижодкор. Лекин унинг номи “қора рўйхат”да чиқди. Шу боисдан ҳам кеча Жанубий Кореяга учаётган самолётдан тушириб қолдирилди...

Жанубий Кореяда халқ фестивали ўтиши, унда 22 нафар ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам иштирок этиши лозим эди. Фестивалга уч ойдан ортиқ тайёргарлик кўрилди, виза ва чипталар олиб бўлинди. Чамадонга сафар ашёлари жойланиб, Беҳзод уйидагилар билан хайрлашди. Аммо тўсатдан делегация раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асадулла Холиқов Беҳзоднинг сўнгги дақиқаларда рўйхатдан чиқарилгани, “юқори”дан бу ҳақда кўрсатма бўлганини айтди. “Беҳзод, сен энди сафарларга бориш учун фамилянгни ўзгартиришинг керак” деди санъаткор.

Беҳзод Ризаев — Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ва “Бирлик” Партияси Сирдарё вилояти бўлимлари раиси Исроил Ризаевнинг ўғли. Касби, эътиқоди ўғлининг каъерасига таъсир қилгани, унинг санъаткор ўлароқ руҳи синишига сабаб бўлганидан мутаассир ота Президент номига телеграмма берди. “Менинг касбим каръерангга халал берса, истеъфо бераман” деди ўғлига ҳуқуқ ҳимоячиси.

“Биз “Эзгулик”чилар, дейди журналист Абдураҳмон Ташанов, Беҳзоднинг рўйхатдан чиқарилиши борасида кўплаб версияларни ўйлаб кўрдик. Масалан, делегация раҳбари тижорий мақсадларда кетаётган бирор шахсни унинг ўрнига тиқиб юборгандир. Шунақаси бўлади кўпинча”. Жиғибийрон ота эса Президент Ислом Карим Кореяга сафар қилаётгани, шу боисдан кўрилаётган эҳтиёт чоралари доирасида унинг ўғли четлаштирилганини тахмин қилади. Ўзбекистонлда хизмат кўрсатган артист Асадулла Холиқов эса ҳуқуқ ҳимоячисига: “Биз учиб кетгунча бу масалани кўтарманг, тинчгина кетиб олайлик” деб илтимос қилган.

Интернетда, айрим ахборот воситаларида муайян шахсларнинг номлари битилган “қора рўйхат”ларнинг мавжудлиги, уларга “запрет” қўйилгани ҳақида эшитиб қоламиз. Аммо бу рўйхатни биров билмайди, биров кўрмаган. Шу боисдан ҳам ёш санъаткор, моҳир созанда Беҳзод Ризаев юзага келган вазиятдан ҳайрон, келажагидан хавотирда...

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳамкасбимиз Исроил Ризаевнинг ўғлига уюштирилган провакация юзасидан изоҳ беришни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини шахсни таҳқирлашга қаратилган бундай “қора рўйхат”ларни ўрганишга чақиради.