03 August 2012
20:17 - Чимкентнинг энг катта бозори ёниб кетди (тўлатилган версия)
Бугун саҳарда Чимкентдаги энг катта “Бекжон” бозорида ёнғин бошланди ва бир неча соат ичида бозор тамомийла ёниб кетди, дейилади Қозоғистонда тарқатилган расмий хабарларда. Бу ерга етиб келган 28 ўт ўчириш командаси соат 8 ларда ёнғинни ўчирибди. Ёнғин қолдиқлари ичида номаълум одамнинг куйиб кетган жасади топилган.

Ёнғин 4 минг квадрат метр ерни эгалаган. Унинг сабаби ҳали маълум эмас. Бозорнинг эгаси Амирхон Шуменов бозорни 15 кишига кирага берганини, бозор қоровуллари у билан алоқага чиқишмаганини айтмоқда. Ишсиз қолган сотувчилар шаҳарк ўчаларидан бирини бекитишга ҳаракат қилишган. Уларнинг олдига келган Амирхон Шуменов ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари Гулнора Қурмонбекова бозор сотувчиларга бошқа бозорлардан жой ажратилишини, улар кўрган зарарни қоплаш учун керакли ишлар қилинишини айтиб, уларни хотиржам қилишга уринишган.

Бозорга вилоят ҳокими Кайрат Молдасеитов ва унинг ўринбосари Болтабек Алиев ҳам етиб келишган. Ҳоким ўринбосарининг айтишича, бозор маъмурияти ёнғинга қарши олиниши керак бўлган тадбирлар масаласида жаримага тортилган экан. Айни пайтда, бозорда ёнғин машғулотлари ўтказилганлиги ҳам айтилмоқда.