01 August 2012
03:16 - Ниҳоят, Британиянинг нўноқ дипломати миссиясини тугатди
Бугун тарқатилган расмий хабарларда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Руперт Жойнинг Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилиниб, унга иззат-икром кўрсатилгани таъкидланган. Вазирлик маълумотига кўра, Жойнинг миссияси тугаши баҳонасида уюштирилган қабулда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, халқаро ва минтақага оид масалалар муҳокама қилингани айтилади.

Эслатиб ўтиш керак, бу лавозимга 2009 йилнинг июлида тайинланган Руперт Жой жанубий Қирғизистондаги ўзбеклар геноциди, бу борадаги Ўзбекистон ҳукуматининг миллат олдидига хоинлигини ўз чиқишларидан бирида “донишмандлик” деб атаб, ўзининг нўноқлигини кўрсатган ва Ўзбекистон демократлари томонидан қораланган эди.

Энди унинг ўрнига тайинланган Жорж Эдгар Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини бошқаради. Аввалги хабарларимизда ҳам таъкидлаганимиздек, у ҳам Руперт Жой каби инсониятга қарши жиноятларни хаспўшлайлиган нўноқ бўладими ёки Ғарб демократиясини мамлакатимизга олиб киришга уринадими, кўрамиз.