31 July 2012
18:38 - Кечагина биринчи марта тилга олинган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун бугун қабул қилинди
Кеча Қонунчилик Палатасидаги фракциялар ва Палата комитетларида бу қонуннинг лойиҳаси кўриб чиқилгани эълон қилинганди. Бугун эрталаб Қонунчилик Палатаси бу қонунни қабул қилди.

Хабарларда айтилишича, қонун лойиҳаси гўёки иккинчи ўқишда муҳокама қилинганидан кейин қабул қилинган. Аммо, Олий Мажлиснинг расмий сайтида биринчи ўқиш бўлгани ҳақида ҳам, умуман шундай қонун лойиҳаси Ислом Карим тарафидан парламентга киритилгани ҳақида ҳам, кечагача ҳеч қандай хабар берилмаган.

Кўринишидан, шундай қонун тўсатдан керак бўлиб қолган ва давлатнинг ҳамма структуралари каби масхарабоз бўлган парламент уни тасдиқлаш процедурасини кеча бошлаб, бугун эрталаб тугатган. Ҳеч қандай жиддий муҳокама бўлмаган.

Парламент сайтида ҳам Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг моҳияти очиб берилмаган. Ҳамма ерда умумий гаплар бор, холос.

Ўзбекистон тўсатдан КХШТдаги аъзолигини тўхтатиб қўйгани каби, бу қонуннинг ҳам тўсатдан қабул қилиниши - Афғонистон масаласида Ғарб билан ҳамкорлик йўлидаги қандайдир тўсиқларни олиб ташлаш ёки аксинча, қандайдир тўсиқлар яратиш йўлида бўлганини тахмин қилиш мумкин. Аммо, қонуннинг қабул қилиниши Ўзбек миллатининг фойдасига бўладими ёки йўқ саволига жавоб йўқ. Қонун Ўзбек миллатининг фойдасига бўлса эди, унинг айнан шу тарафлари роса олқишланган бўлар эди.