27 July 2012
01:44 - Янгийўлда ҳуқуқ ҳимоячиси чавақлангани ва Абдураҳим Пўлатнинг бу каби воқеалар ҳақида йиллар аввал айтган фикри
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Альянси деб юритиладиган гуруҳнинг Янгийўлдаги фаоли Акромхўжа Муҳиддинов маҳаллий фуқаролар томонидан пичоқлаб ўлдирилибди. Ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят ишига кўра, 59 ёшли ҳуқуқ ҳимоячсининг ўлими маиший характерга эга бўлиб, уни аввал уч нафар маҳаллий фуқаро калтаклаган ва унга оғир тан жароҳати етказган.

Зўравонлардан бири унга пичоқ санчган ва тиғ орқали жигаридан оғир яраланган Муҳиддинов касалхонага етолмай вафот этган.

Марҳум ишлаб келган ташкилот етакчиси Елена Урлаева ҳамкасбининг ўлимини касбий фаолияти туфайли билан тушунтиришга ҳаракат қилмоқда, аммо бунининг исботи сифатида Акромхўжа Муҳиддиновнинг бир кун аввал фермаерларнинг жанжалига оид судда тарафларнинг бирига ёрдам берганини айтмоқда, холос. Бўлиши мумкин, аммо дарҳол қўлга олинган қотилларнинг ўша ишга алоқаси борлиги ҳақида яқиндагина психатрик касалхонадан чиққан Елена Урлаева ҳеч нарса демаяпти. Нимага?

Мабода, Акромхўжа Муҳиддинов ростдан ҳам фермерларнинг ишида, яъни мулкий ёки хўжалик муаммосини ҳал этиш жараёнида иштирок этган бўлса, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг сайтимизда ҳам эълон қилинган фикрини эслатиш керак. Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари турли хўжалик ишларига, хусусан, оддий бозорлардаги шубҳали жараёнларга аралашиб катта хато қилмоқдалар, дейди у. Бундай мулкчилик билан боғлиқ ишлар дунёнинг ҳар бир ерида бор ва у иш давлатнинг умумий сиёсати билан боғлиқ бўлмаса, даъвогарлар мавжуд судларда ҳам муаммоларни ҳал этиш имкониятларига эгалар. Бундай ишларга аралашган ҳуқуқ ҳимоячилари эса, Совет замонидаги Давлат контроли, Халқ контроли каби порахўрлик манбаи бўлган структураларнинг ходимларига ўхшаб қоладилар, охир-оқибат тамагирга айланадилар.