25 July 2012
22:29 - Ўзбек хабарчилигида масхарабозлик: Испанияда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш даражаси 0,5 фоизга (!!!) тушибди
Кунига бор-йўғи 15-20 атрофида хабар тарқатиш билан шуғулланадиган Ўзбекистондек давлатнинг расмий ахборот агентлиги ЎзА яқингача чер эллардан ҳеч қандай хабар тарқатмасди. Икки йил аввал Ислом Каримнинг ташаббуси билан хабарчиликдан ҳам ислоҳотлар бошланиши эълон қилингач, 3-4 ой аввал бу агентлик чет элларга оид хабарлар эълон қила бошлаганини ёзган эдик. Аммо, хабарчиликдан кўра масхарабозликни эслатадиган бу хабарлар, аслида, Ўзбек миллатини ҳақорат қилиш деса ҳам бўлади.

Масалан, бугунни олайлик. Қозоқларнинг давлат агентлиги Казинформ шу соатгача 105 та (!!!) хабар тарқатди, уларнинг 15 таси чет эл хабарлари. Улар ичида Тожикистонда жиноий гуруҳларга қарши Хорог шаҳрида ўтказилган ҳарбий операция натижасида 30 жиноятчи ўлдирилгани, 12 аскар ҳалок бўлганию, Шимолий Кореянинг янги диктатори ўйланганидан тортиб, Олимпиада ўйинларида хавфсизликни таъминлаш учун Буюкбритания ҳукумати 1200 ҳарбийни жалб қилаётганича бўлган хабарлар бор. Бу хабарлар ҳар кимни қизиқтирадиган хабарлар. Замонавий дунёда одамлар бу каби воқеалардан хабардор бўлишни истайдилар.

ЎзА эса, ҳозиргача роппа-роса 17 та (!!) хабар тарқатди. Улардан биттасигина, “Ҳорижий хабарлар” номи остида тўпланган, ҳар бири 3-4 қатордан иборат бўлган 4 та хабарни ўз ичига олади. У хабарчаларни ўқиб кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсиз.

Масалан, уларнинг биттасида айтилишича, Испанияда иқтисодий кризис туфайли 2012 йилнинг иккинчи чорагида биринчи чоракка нисбатан ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 0,4 фоизга пасайди. Тамом вассалом.

Энди ўйлаб кўринг. Жаҳонда, хусусан Испанияда иқтисодий кризис туфайли инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган кўрсатгичлар ростдан ҳам тушмоқда. Улар билан ўзбекларни таништириш ёмон бўлмасди. Аммо, ЎзАнинг бераётган хабарига қаранг. Испанияда сўнгги чоракда ички маҳсулот ҳажми камаймабди, аксинча ортибди, аммо ортиш даражаси аввалгиларга нисбатаг бор-йўғи 0,5 фоиз (!!!) кам бўлибди. Яъни, ўсиш тезлиги камаймаган десак ҳам бўлаверади. Шу нарса биронта ўзбекни қизиқтирадими? Агар бундай камайиш Гулнопра Каримнинг Испаниядаги элчиликдан кетиши билан изоҳланса эди, балки, бу нарса кимнидир қизиқтирарди.

Хуллас, бечора ЎзА, бечора Ислом Карим, ва ниҳоят, бечора ўзбекнинг аҳволи шу.