21 July 2012
23:56 - Муҳаммад пайғамбар: Оллоҳ “Рўза менга махсусдир. Унинг мукофотини мен бераман. Чунки қулим мен учун шаҳви ва ейиш-ичишини тўхтатади” дейди
Ҳа, ҳар қандай яхшиликнинг савобини Оллоҳ берар экан, рўзанинг савобини ҳам Оллоҳ беради.

Аммо, пайғамбаримиз ёки кейинги Ислом олимлари Оллоҳнинг сўзларини тўғри тушунганми? Ҳа, пайғамбар Оллоҳнинг вакилидир, аммо фақат Парвардигор, яъни Оллоҳ беайбдир. Пайғамбар ва уламолару олимларчи?

Пайғамбаримиз яшаган пайтларда одамлар, демак, пайғамбар ҳам, Ернинг думалоқлигини, шимолий қутбга яқинлашган сари куннинг узунлиги узайиб, 24 соатга яқинлашиб боришини билмаганлар.

Ҳозир Швециянинг баъзи минтақаларида куннинг узунлиги 21 соат атрофида, Норвегиянинг шимолида ундан ҳам кўп. Бу ерда рўза тутиш, айниқса ёши катталарнинг соғлиғи учун фалокатдир. Куннинг узунлиги экватордан узоқлашган сари ортиб боради. Ёз ойларидаги узайиш яна ҳам катта. Демак, рўза тутиш мусулмонларнинг анчагина катта қисми учун соғлиқ нуқтаи назаридан муаммолар чиқариши муқаррар.

Агар мақсад тезроқ бу фоний дунёдан боқий дунёга етиб олиш бўлса, ҳеч нарсани ўйлаш керак эмас. Аммо, агар бу фоний дунё ҳам бизга Оллоҳниннг насиби эканлиги, унда иложи борича кўпроқ қолиш Оллоҳга хизмат қилиш эканлигини тушунсак, куннинг узунлиги катта бўлган пайтларда рўза тутиш тартибига ўзгартиришлар киритиш мутлақо зарур.

Бунинг йўлларидан бири, “Ҳаракат” сайтида кўп марта ёзилганидек, динимизда ислоҳотлар ўтказиб, Исломнинг ягона фарзи Имон эканлигини тан олиш, бошқа фарзлар, хусусан рўза, тутилса савоб, тутилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалиёт эканлигини тан олишдир.

Ислом олимлари, хусусан, расмдаги "Ҳадис ва Ҳаёт" китибининг муаллифи Муҳаммаад Содиқ Муҳаммад Юсуф, ҳозир айнан шу масала устида ўйлашлари ва мусулмонларга мавжуд мантиқсиз аҳволдан чиқиш йўлларини кўрсатишлари керак. Улар қилмасалар ҳам Исломда ислоҳотлар амалга оширилади, масалан, биз бу ишни бошлаймиз, бошладик ҳам, аммо ташаббусни Ислом олимлари ўз қўлларига олишса, мусулмонлар учун шунча яхши бўлади.