21 July 2012
21:07 - Владимир Путин чет элдан ёрдам олувчи ташкилотларни “чет эл агенти” деб атайдиган қонунни имзолди
Тўла номи “Чет эл агенти вазифасини бажарувчи нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига доир Россия Федерациясининг баъзи қонунларига ўзгартиришлар киритиш” бўлган бу федерал қонуннинг ўта тезлик билан Давлат Думаси ва Федерация Кенгашидан ўтказилиши Ғарб томонидан қораланган, Россия жамоатчилиги ичидаунга нисбатан қарама-қарши фикрлар борлиги кўрилган эди.

Энди Россияда чет элдан ёрдам оладиган нотижирот ташкилотлар “чет эл агенти” мақомини оладилар. Тўғри, айтиш керакки, фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оналар ва болаларни ҳимоя қилиш, ногиронларни қўллаб-қувватлаш, соғлом ҳаёт тарзини пропаганда қилиш, физкультура ва спорт каби соҳаларда иш олиб борувчи ташкилотларга “чет эл агенти” тамғаси босилмайди.

Бундай қонун чиқаришдан мақсад ҳукуматга ёқмайдиган ташкилотларга анчагина кўримсиз бўлган тамға ёпиштиришгина эмас, асосий мақсад - уларнинг фаолиятини яна ҳам қаттиқроқ назорат остига олишдир.

Қонунга кўра “чет эл агенти” ҳисобланадиган ташкилотларни текшириш йилда бир мартадан кўп бўлмайди. Бундай ташкилотлар тарафидан тарқатилаётган ҳар қандай материалда уларнинг “чет эл агентлиги” кўрсатилиши шарт. Оммавий ахборот воситалари ва Интернетда ҳам.

Бу қонун Путин ўйлагандек самарали бўлмайди, дейди мухбиримиз. Баъзи ўта нозик табиатли инсонлар “чет эл агенти” мақомидан қўрқишлари мумкин, аммо кўпчилик бунга эътибор ҳам бермайди, оддий россияликлар ҳам бунга тезда кўникиб қоладилар. Қолаверса, оддий одамларда ҳали ҳам ҳар қандай чет эллик нарсага ҳурмат катта эканлигини унутмайлик.