15 July 2012
19:12 - Самад Мурод: “Эрк” партияси Қурултойдан Қурултойгача

Модомики, «Эрк» демократик партиясининг навбатдаги 6- Қурултойга таёргарлик ишлари бошланган экан, ортимизга бир ҳур назар ташлаб, Қурултойлар оралиғида бўлиб ўтган воқеалар, қилинган яхши-ёмон ишларга баҳо беришни лозим топдик.

 

Партиянинг 2003 йилда бўлиб ўтган 5-Қурултойи ўз Низомида белгиланган муҳлат квотасидан келиб чиқиб, партия лидери этиб бошқа шахсни (яъни, Самад Муродни – “Ҳаракат”) сайлаб қўйиши кўплар учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлиб чиқди. Демократик ташкилот учун бир қарашда табиий бўлган бу воқелик аксар “демократлар” учун ўта кетган шаккоклик бўлиб туюлди. Ютқизганини инкор этишда давом этаётган собиқ раҳбариятни гиж-гижлаб, бизга қарата тош отган холислар ҳам бўлди.

 

Таркибида соғлом кучлар ғолиб бўлган сиёсий ташкилотдагина бошқарувда бундай кардинал ўзгаришни амалга ошириш мумкин. Биз бу ишни амалга оширдик. Қурултойдан Қурултойгача ўтган даврда биз асосан жойларда иш олиб бораётган партия фаоллари билан доимий алоқани, маҳаллий ташкилотларнинг бутлигини сақлаб қолиш, партияга, унинг янги сайланган раҳбариятига қарши уюштирилаётган ички ва ташқи хуружларни даф этиш билан банд бўлдик.

 

Партиянинг расмий мақомини тиклаш, парламент ва президентлик сайловларида иштирок этиш каби Қурултой белгилаб берган энг асосий вазифаларни бажаришнинг имкони бўлмади. Партияга нисбатан қарор топган расмий муносабат бунга йўл бермади. Биз Ўзбекистон шароитида имкони бўлган вазифаларнигина бажара олдик, холос. Қарор топган вазиятдан келиб чиқиб, нима сабабдан энг асосий ишлар қолиб, мутлақо кўзда тутилмаган ишлар билан банд бўлганимиз ҳақида изоҳ бериб ўтишга мажбурман.

 

Советлар туғи остида кечган маҳдуд ўтмиш бизни ҳали, ҳали таъқиб этмоқда. Авомга мўлжалланган “Партия бу - Ленин, Ленин бу - партия демак!” қабилидаги шиорлар, эътиқодга айланган “Коммунистик ахлоқ кодекси” руҳидаги тарбия, охир оқибатда регрес ёки абсурд бўлиб чиққан “Демократик централизм” усулида ташкил этилган бошқарув ҳалигача эталон бўлиб қолмоқда. Мен бу догмалар бошқалардан кўра «Эрк» партиясига кўпроқ зарар келтирди, деб ҳисоблайман.

 

Агар ҳалигача кун тартибидан тушмаётган бир абсурд бўлмасайди, биз бу ҳақда ва на ЎХҲ, на партиянинг собиқ раиси ҳақида гап очиб ўтирмасдик. Гап шундаки ўн йил бурун Партия Қурултойи қарори билан лавозимидан озод этилган шахс ҳалигача ўзини «Эрк» партиясининг раиси деб ҳисоблайди, Қурултой сайлаб қўйган амалдаги раҳбариятни эса узурпаторлар, яъни партиявий ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олган гуруҳ деб талқин этиб, ҳалигача партия номидан баёнотлар тарқатади. Мен шу ўринда «Эрк» демократик партияси билан айни кунларда жаноб Салой бошқараётган экстремист мужоҳидлардан иборат ЎХҲ ўт балан сув қадар қарама қаршилигини, ҳали ўрта асрлардаёқ эскириб бўлган шариат йўриғлари билан демократик йўриғлар мутлақо келиша олмаслиги, демакки, ЎХҲни бошқара туриб, демократлик даъвосини қилиши мумкин эмаслигини қатъий уқтириб ўтаман.

 

Орадан, мана тўққиз йил ўтиб, 5-Қурултой делегатлари бирдан бир тўғри қарорни қабул қилгани ўз исботини топди. Энг муҳими, биз партиянинг олийжаноб ғояларига содиқ қолдик, гарчи фидойи фаоллар учун кулфатга айланган бўлса-да биз унинг сафларида қолдик. 5-Съезд залини ташлаб чиқиб кетган шахсга сиғинувчилар гуруҳи эса кўп ўтмай тарқаб кетиш ва “Свадебний генерал”лар каби суллоҳликни касб қилиб, турли туман ташкилотлар йиғинларида “квориум” ташкил этиб юришибди. Собиқ раис эса, турли номлар остида кетма кет ташкилотлар тузиб юриб, мутлақо бошқа қутбга ўтиб қолди. Энг кейин тузилган “Ўзбекситон халқ ҳаракати” (ЎХҲ) асосан мазҳаб йўлида курашнинг экстремистик йўлини танлаган муҳожирлардан иборат бўлиб чиқди.

 

*  *  *

 

Бу қутб алмашувининг сабаби нима? 90-йилларнинг охирида тилга тушган Ўзбекистонда энг ашаддий, энг аламзада ва энг кўп сонли мухолиф тоифа бу ўз олдига ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилиб қўйган “Ҳизбут таҳрир”, “Ваҳобийлик” ва “Акромийлик” ҳаракати аъзоларидир. Бу тоифа курашга кирса, аҳолининг бошқа катламларини ҳам тортиб кетади ва охиригача курашади деган нуқтаи назар Салой Мадаминни шу кўчага бошлаб кирган бўлса керак.

 

Ғазотга чиққан мужоҳидлар кучи билан ҳокимиятни қўлга олиб, иш битгач шариат йўриғлари билан демократик йўриғлар уйғунлашган дориломон жамият барпо этиш. Қарабсизки “Қўйлар ҳам омон, бўрилар ҳам тўқ”. Бу жуда қалтис таваккал эди. Энг ёмони бу кўчага кириш мумкин-у чиқиш мутлақо мумкин эмасди. Айниқса ҳозирги вазиятда — бутун дунё бўйлаб террористлардан иборат экстремистик уюшмаларга қарши кураш бошланган бир пайтда бу муқаррар ҳалокат билан тугайдиган таваккалдир.

 

Бу хулосалар шахсан ўзимнинг хулосаларим десам, нокамтарлик бўлади. Чунки июн ойида бир қатор вилоятларга уюштирилган сафар чоғида жойлардаги партия фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида шу масала асосий муҳокама объекти бўлди. Мен ўша суҳбатлар чоғида шаклланган хулосаларни умумлаштириб беришга уриндим, холос.

 

Энди масалага хронологик тарзда ёндошиб кўрайлик.

 

1994 йилда маҳаллий телеведения мухбири мендан интервю ола туриб, “Сиз «Эрк»ни демократик партия дейсиз. Партия раиси эса хорижда Жума Намангоний, Тоҳир Йўлдош каби жиҳодчи жангарилар билан оғиз-бурун ўпишиб, алиянс тузиб юрибди. Раис-ки жангари экан, унинг партияси қандай демократик бўлиши мумкин?” деган саволни бериб, мужоҳидлар Солиҳни ўртага олиб тушган сувратларини кўрсатди. Мен ўшанда жуда қийин ахволда қолдим, чунки, «Эрк» экстремистлар партияси деб расман эътироф этилса, тамом, партиянинг барча фаолларига нисбатан ушбу машъум айбномани қўйиб, судга тортиш хавфи юзага келиб қолди.

 

Мен “Мен Солиҳни демократик адолат ўрнатиш учун кураш олиб бораётган фидойи бир демократ сифатида танийман. Менимча қолган барча Эркчилар ҳам айнан шу фикрда. Ўтган икки йил ичида ҳар нарса бўлиши мумкин. Агар бу гап рост бўлса, биз экстремист Солиҳни танимаймиз, сабаби «Эрк» демократик партиядир”, деб жавоб бердим.

 

1994 йил кузида Тошкентда Мурод Жўраев бошлиқ саккиз кишидан иборат бир гуруҳ устидан суд маҳкамаси бошланди. Суднинг охирги мажлисида прокурор менга шундай савол берди.

 

“ - Ушбу залда қирққа яқин гувоҳ ўтирибди. Ҳаммаси хорижда Солиҳ тузган диний экстремистлардан иборат деверсантлар мактабидан чиққан. Улар Чиченистонда жанговор амалиёт машқларини бажаришган, жангларда қатнашган. Бу далил, бу гувоҳлар «Эрк» партиси раиси Солиҳнинг ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонга қуролли қўшин билан бостириб кириб, ҳокимиятни эгаллаш мақсадини исботлайди. Бу аниқ. Сиз шу «Эрк» деб аталувчи жангарилар партияси Марказий кенгаши Бош котиби эканингизни тан оласизми? ”

 

Залдан “Балиқ бошидан сасийди”, “Раис экстремист бўлгандан кейин у бошлиқ партия нима бўларди” қабилидаги луқмалар эшитилди. Яна ўша савол. Мақсад: бутун партияни тўлиқ таркибда экстремистлар партиясига чиқариб, ҳар бир Эркчини жазога тортиш.

 

Мен бу саволга “Панжара ичида ўтирган айбланувчилар ичида бирортаям «Эрк» партияси аъзосини кўрмаяпман. Уларнинг дирярли барчаси коммунистлар-ку. Умуман бу залда ҳаммаси бўлиб икки нафар “Эрк”чи бор – мен ва судланаётган Дилором Исҳоқова. Худди бошқа партияларда бўлгани каби “Эрк”чилар орасидаям битта яримта жиноятчи бўлиши табиий бир ҳол. Бир шахснинг айбини қандай қилиб бўтун бир партия, халқ устига қўйиш мумкин? Унда нега сиз манави етти нафар судланувчини асос қилиб, компартияга шундай айб қўймаяпсиз?” деб жавоб бердим. Шунда қони қайнаб кетган Судья “Нега ўжарлик қиласиз? Ана, “Эрк”чиларнинг яна бир раҳбари Мурод Жўраев Дилором Исҳоқова билан ҳамкорликда анойи йигитларни йўлдан уриб, Туркияга жўнатиш билан шуғулланган. Ўзлари тан об турибди-ку?” деб савол берди.

 

Мен “Мурод Жўраевни яқиндан танийман. Шахсан ўзим уни партияга аъзо бўлиб киришга бир неча бор уринганман, аммо, у “Мен озод демократман, ҳеч қайси партияга кириш ниятим йўқ.” деб жавоб берган. Ана ўзидан сўрашингиз мумкин”.

 

Судья бурилиб, Мурод акадан “Ҳақиқатни айтинг, сиз қайси партияга мансубсиз?” деб сўради. Мурод ака озод туриб, “Мен табиатимга тўла мос келмагани учун ҳеч бир партияга кирмаганман” деб жавоб берди. Мен “Демак, бугун фақат биргина Эркчи -Дилором Исҳоқова судланаяпти. Уям панжара ортида эмас. Ясан-тусанига қараганда ҳали бери қамалиш нияти йўққа ўхшайди. (Ростданам у қамалмади. М. Жўраев ўн икки йилга озодликдан маҳрум этилди, Д. Исоқовани эса, азбаройи аёллигини инобатга олиб, қўйиб юборишди) Демак, бунисиям деярли “Эркчи эмас” деб жавобимни якунладим.

 

Судья, “Солиҳ-чи? Ёки униям экстремистлигини рад этасизми?” деб сўради. Мен “Ҳозир у суд залида йўқ, бундан ташқари уям, гарчи раис бўлса-да партияда бир одам. Унинг қилмиши учун бутун партияни айблаш мутлақо ўринсиз” деб жавоб бердим. Биз партиянинг демократик моҳиятини шу тарзда ҳимоя қилишга эришдик.

 

Кўриб турганингиздек, ўтган асрнинг 92-йилидан то шу кунга қадар биз собиқ раиснинг қилмишлари учун ҳуқуқ муҳофазаси ва судлов органлар олдида жавоб бериб келамиз. Ҳар сафар навбатдаги жанговор баёнотидан кейин унинг «Эрк» демократик партиясига мутлақо дахли йўқлиги, ҳозир у ЎХҲ номли бошқа бир диний ташкилотга раҳбарлиги ҳақида изоҳ беришга тўғри келмоқда. Партиянинг демократик қиёфасини сақлаб қолиш, фаолларни партиянинг Ҳаракат дастурига зид бўлган баёнот ва даъватлар таъсиридан муҳофаза қилиш учун бу хуружларга вақтида жавоб бериб бориш... Биз олиб бораётган фаолият худди ўт ўчирувчиларнинг ишига ўхшаб кетади. Партияни унинг собиқ раисидан ҳимоя қилиш...

 

Республиканинг тегишли органлари қўли етмайдиган дахилсиз хорижда туриб, куракда турмайдиган жангари баёнот ва даъватлар тарқатишдан осони йўқ. Ёлланма квориумчилар иштирокида ассоциациялар, алиянслар ва ҳаракатлар тузилгани ҳақида хабарлар тарқатиш; Ватанда қолиб демократия ва ҳуқуқий адолат йўлида имкон қадар курашда давом этаётган ўз биродарларини журъатсизлик, сотқинликда айблаб, туҳматлар тарқатиш каби амаллардан иборат ҳаракатда қандай истиқбол бўлиши мумкин?

 

Жўн авомлар учун балки диний экстремизм ғоялари қандайдир таъсир кучига эгадир, аммо, Салой Мадамин каби дунё кўрган сиёсатчи арбоб учун қандай аҳамият касб этаркин? Энди бу ҳаракат ўзини ҳурмат қиладиган шахсга на обрў, на шуҳрат бера олмайди. Бироқ бойлик масаласида бир нарса дейиш қийин. Чунки ноқонуний қурол савдоси ва норкотик моддалар савдосидан келаётган даромадларнинг каттагина қисми шу каби ташкилотлар учун ажратилиши ҳеч кимга сир эмас.

 

Маълумки 5-Қурултой бошланган чоғда жангари кайфиятдаги бир гуруҳ залдан чиқиб кеган ва қандайдир “Пленум” тузиб, бир муддат тутуриқсиз баёнотлар тарқатиб юриб, ўз ўзидан тарқалиб кетгани? Хориждаги гуруҳ ҳам аксар ёлланма “Свадебний гнерал”лардан иборат бўлгани сабабли бирин-кетин бошқа тўкинроқ столлар томон кетиб қолишгани ҳақида тўхталиб ўтгандик.

 

Ҳозир бутун дунё бўйлаб террористлардан иборат экстремистик ташкилотлар инсонпарвар жамоатчилик, давлат ва жамоат раҳбарлари томонидан худди фашизмга ўхшаб лаънатга учради. Муқаддам ёзилган бир мақолада таъкидлаганимиздек, деярли 80 фоиз популяр фильмларда тиш-тирноғигача қуролланган, қўллари бегуноҳ аёллар ва болалар қонига беланган соқолли персонажларни кўрамиз. Иблис, жин-у алвастилар, ялмоғизлар ўрнини соқолли экстремистлар қиёфаси эгаллади «Эрк» партиясининг собиқ раиси ушбу персоножларнинг ҳаётдаги прототипларидан бирига айлангани жуда ачинарли ҳол.

 

“Ал-Қоида”, “Ҳизбут таҳрир” каби амалда у ёки бу мамлакатда ҳокимиятни қўлга олиш учун экстремистик усулда кураш олиб бораётган жангари мужоҳидлар дини исломнинг биринчи рақамли ғанимига айланди ва бутун дунёда ёш авлодни мусулмонларга нисбатан аёвсиз нафрат руҳида тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган қудратли кучлар қўғирчоғига айланиб қолди.

 

1991 йил президентлик сайловлари арафасида номзод Салой Мадамин “Сиёсат бошланган жойда эътиқод тугайди. Бу мунофиқликдан бошқа нарса эмас” деган эди. Бу фикр нақадар тўғри эканлигини унинг ўзи амалиётда исботлаб берди.

 

Бутун борлиқни бино қилган Аллоҳни ва унинг ўз бандаларига қилган энг азиз ва энг муқаддас туҳфаси бўлган Қуръонни кимлардандир ҳимоя қилиш учун жиҳод кўчасига кириш, ўзининг ва бошқа бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш каби мантиқсиз уринишни тушуниш мумкин эмас. Бу уринишнинг ҳақлигига амин бўлиш учун инсон мутлақо авом ва бунинг устига табиатан жоҳил бўлиши шарт.

 

Наҳотки шу чеки чегарасиз оламни бино қилиган, ва шу борлиқ ичра шундай мукаммал наботат ва ҳайвонот ҳаётига уйғунликда тартиб берган қудратда маҳоратда тенгсиз бўлган зот мужоҳидлар каби гумроҳ бандаларининг ҳимоясига муҳтож бўлса!?

                                

 Партиянинг навбатдаги 6- Қурултойи олдидан

 

Ўша биз учун ўта оғир кечган 5-Қурултойдан кейинги кунларда жангари оппонентлар бизга қилган давомли, бироқ мутлақо асоссиз туҳматларга кўплар чиппа чин ишонишган эди. Афсуски, кўп ҳолларда ёлғон ҳақиқатга нисбатан ишончлироқ жаранглайди.

 

Аммо, мана, орадан йиллар ўтиб, кимнинг кимлиги, ҳатто, “кўрлар” ва “карлар” учун ҳам аён бўлиб қолди. Ўшанда бир кўриниб қолиш учун бизга қарата тош отган ўша “кўр” ва “карлар”дан биз асло содир этган хатолари учун тазарру кутмаймиз. Бу кимсалар ҳозир ҳам кимгадир отиш учун қайсидир кунжакда тош териб юришгандир.

 

Азалдан семиз гаплар устаси бўлган Салойнинг “доҳиёна башорат”ларига учган бу анойилар унга яхши кўриниб, “бир нима”лик бўлиб қолиш қасдида роса жон куйдиришганди ўшанда. Яхшиям, ёлғонда шакл бор-у вазн йўқ, акс ҳолда, Ер шари аллақачон ўз ўқи атрофидан чиқиб кетармиди. Биз ўша вазнсиз тошлар уюмини оралаб ўтиб, ўз йўлимизда давом этяпмиз.

 

Яқинда маҳаллий парртия фаоллари таклифи билан Қашқадарё, Самарқанд, Сурхандарё ва Бухоро вилоятларига сафарлар ташкил этдик. Сафар чоғида оддий халқ вакиллари, партия фаоллари билан бевосита учрашиб, юзма юз суҳбатлашиш, уларни тинглаш имкони бўлди. Ҳозирги халқнинг дунёқараши 90- йиллардаги халқ дунёқарашидан мутлақо фарқ қилади. Ҳозирги Ўзбекистонда ўша 90-йилларда кўча чангитиб юрган болалар ижтимоий фаол фуқароларга айланишган. Биз билан сиёсий майдонда елкама елка турган дўстларимизнинг аксарияти кексайиб, нафақахўрларга айланишган. Социалистик мулкчилик муносабатлари мутлақо унитилиб, хусусий мулкчилик, мумкинқадар кўпроқ бойлик орттириш, тадбиркорлик, рақобатнинг турли яхши-ёмон кўринишлари кишилар онгини банд этган. Деярли барча мунособатлар моддий манфаатдорлик асосига қурилган.

 

Қиссадан ҳисса шу-ки, эндиликда барча ижтимоий сиёсий ҳаракатлар ҳам аниқ бир моддий манфаатдорлик асосига қурилмаса, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Олдингидек бесамар сиёсий сафсаталарга ҳеч кимнинг тоқати қолмаган.

 

Ушбу воқелик тақозоси билан, партиянинг бундан кейинги ҳаракат тактикасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқиш, замонавий ишлаб чиқариш муносабатларига мослаштириш шарт деган хулосага келдик. Жойлардаги фаоллар билан маслаҳатлашиб, имкони бўлган барча вилоятлдарда партия конференцияларини ташкил этиш; кун тартибига “Партиянинг ҳаракат тактикасини тубдан қайта кўриб чиқиш, замонавий ишлаб чиқариш муносабатларига мослаштириш; Партиянинг навбатдаги 6- Қурултойига делегатлар сайлаш; Бош масала юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш” каби масалаларни киртииб, муҳокама қилишга келишиб олдик.

 

Биз боролмаган бошқа вилоят фаоллари ҳам зудлик билан биз билан алоқага чиқиб, имкон доирасида конференциялар ташкил этишлари, кун тартибида ушбу масалаларни муҳокама қилиб, ҳар бир масала бўйича ўз муносабатларини билдиришлари таклиф этилади.

 

Қайси вилоят бўлишидан қатъий назар Конференция куни тайин этилиб, таклиф қилсангиз, биз албатта етиб борамиз. Яхши ва ёмон кунларда бирга бўлиш бурчимиз, ахир.

 

Партиянинг 6- Қурултойини ўтказиш учун камида тўққиз вилоятда Конференциялар бўлиб ўтиши лозим.

 

Ҳаёт давом этмоқда, азиз биродарлар. Бир нарсани қайта, қайта такрорлагим келади. Ҳеч бир партия бирор бир шахснинг иродаси билан тузилмайди. Халқ орасида муайян бир ғояни ёки ғоявий дастурни амалга оширишга эҳтиёж пайдо бўлган пайтда халқнинг муайян бир гуруҳи бир туғ остига бирлашиб ўша ғоявий дастурни амалга ошириш мақсадида ташкилот тузади. Албатта, бу ташкилотни кимдир ёки кимлардир бошқариши лозим. Аммо, ҳар қавндай демократик табиатли ташкилотда ҳеч бир мансаб умрбод эмас ва наслдан наслга ҳам ўтмайди. Демократик йўриқларнинг қатъий талаби шундай. Акс ҳолда кетма кет ўн йил бошқарган раҳбар Тангрини отиб туширмоқчи бўлиб, кўкка қараб ўқ узган Фиръавнга ўхшаб ҳавойи бўлиб қолиши муқаррар. Бу ҳолатга тушганшахни узоқдан излашга асло ҳожат йўқ. Аниқроқ тасаввур этиш учун Марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг қисматини эслашнинг ўзи кифоя.

 

Мана, Салой Мадаминни олиб кўринг. Гарчи сайлов йўли билан уч марта вазифасидан озод этилса ҳам ҳалигача партия раислигига даъво қилишда давом этмоқда. Кулгили, аммо, факт.

 

Партия муттасил давом этгувчи такомил йўлидан боради. Йўл-йўлакай ўз камчилликлари ва қусурларидан қутула, янги самарали ҳаракат усулларини ўзлаштира, ўз фаоллари таркибини нисбатан ёш, ташаббускор кучлар билан тўлдира, фаолиятини замон талабларига мослаштириб, ўзининг яшовчанлик табиатини рағбатлантира бориши лозим. Акс ҳолда рақобатчиликнинг шафқатсиз муҳитида инқирозга юз тутиши муқаррар.

 

Бу фикр ёки мулоҳаза эмас, балки демократия муҳитида иш олиб бораётган барча сиёсий партиялар муттасил амал қиладиган қоидадир. Гарчи айни патларда Ўзбекистон шароитида партиянинг ўз ҳаракат дастурини ҳаётга тадбиқ этиш имкониятлари нолга тенг бўлса-да, ушбу синовдан ўтган қоидаларги амал қилиш шарт. Бугун бўлмаса, эртага, эртага бўлмаса, индинга мамлакат ҳаётида ўз ўрнини эгаллаши муқаррар. Чунки мавжуд ҳукуматга мухолифатда бўлган сиёсий партиянинг мавжудлиги, унинг ўз олдигав қўйган мақсадлари ва шу мақсад асосида ишлаб чиқилган Ҳаракат дастури мавжудлигининг ўзиёқ жуда катта аҳамиятга эга. “Бедов от бўлса, бас, уни минадиган чавандоз, албатта, топилади” ёки “Ўтов бўлса, бас, унинг соясига кўрпача соладиган келинчак бир кун, албатта, келади”

 

СССРдек жаҳоннинг энг қудратли империяси қисматини эсланг. Унинг инқирозига сабаб қилиб кўплаб важларни келтириш мумкин ва ўша важларнинг ҳар бирида жон бор. Бироқ, энг асосийси коммунистларнинг “Марказлашган демократия”га асосланган бошқарув усули эди. Устига устак ақли кирди-чиқди бўлиб қолган, ҳалиям дунёни 50-йилларда шакелланган дунқарашлари билан кузатишда давом этаётган чоллардан иборат Марказий комитет ва унинг тили айланмай қолган, юлдузлар жиннисига айланган Бош секретарини ёдга олсангиз, масала ойдинлашади.

 

Партияда раҳбарият муттасил алмашиниб, замон руҳини аниқроқ кўра оладиган нисбатан ёш кадрлар билан таъминланиб туриши шарт. Акс ҳолда, 5 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган шахс Тангрини кўкдан отиб туширмоқчи бўлган Фиръавндек ҳавойи бўлиб қолиши муқаррар. Дарвоқе, бу гап менинг шахсимга ҳам тааллуқлидир.

 

Насиб этиб, 6- Қурултойини ташкил эта олсак, партия раислигига бошқа бир нисбатан ёш, ташаббускор дўстларимиздан бирини сайлаш учун биринчи бўлиб овоз бераман.

 

Омонликда кўришайлик, азиз дўстлар!

 

Самад Мурод,

«Эрк» демократик партияси раиси