07 July 2012
17:17 - Сeвги-муҳаббатнинг сири ечилдими?
Энциклопедиялар, изоҳли луғатларга кўра, севги – йигит билан қиз, эр билан хотин ўртасидаги қалбдан берилганлик туйғуси, кайфиятидир. Бошқа сўзлар билан ишқ, муҳаббатдир.

Севгининг қалбдан берилганлик тушунчасидан келиб чиққан шоир-ёзувчилар минг йиллардан бери бу туйғуни мадҳ этиб, бу туйғу ва у билан боғлиқ мавзулар асосида “ўлмас” деб ҳисобланган асарлар яратдилар. Севги - ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайдиган рўёдек мўъжизага, афсоналарга айланди.

Ҳозир севги хусусидаги бор тушунчалар ўзгариши мумкин.

Канаданинг Монтреал Университети олимлари 10 йиллик тадқиқотлар натижасида жинсий истак севгига айланиши мумкинлигини иддао этмоқдалар. Яъни севгининг орқасида оддий жинсий истак ётибди.

Олимларнинг бундай фикрга келишининг сабаби – инсон миясининг савги каби туйғуларини бошқарувчи қисми жинсий истак учун ҳам жавобгар экан. Бу нарсани аниқлаш учун 10 йил ичида кўплаб одамларнинг мияси Магнетик Резонансли замонавий жиҳозлар билан ўрганилган. Олимларга кўра, аввал жинсий истак пайдо бўлади, кейин у севги шаклида кўринишга бошлайди.

Агар шундай бўлса, шу пайтгача инсон сиғиниб ва чўқиниб келаётган туйғулардан бири - ҳайвоний ҳирсдан бошқа нарса эмаслигини тан олишга тўғри келади. Афсус, минг афсус.