14 June 2012
22:08 - “Эзгулик” фаоли Эркин Қўзиев Тоштурмага келтирилган
Аввалги хабарларимизда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг кассация ҳайъати Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ўзбекистон тумани бўлими раиси Эркин Қўзиевга оид жиноят ишини кўришни пайсалга солаётгани ҳақида хабар бергандик. Бугун мухбирларимиз билан телефон орқали боғланган ҳуқуқ фаолининг фарзандлари отасининг Тоштурмага олиб кетилганини маълум қилишди.

Эркин Қўзиевнинг рафиқасига кўра, адовкатлар томонидан келтирилган кассация шикоятида Эркин Қўзиевнинг мутлақо беайблиги, дастлабки инстанция суди ўта адолатсиз ҳукм чиқаргани айтилган. Аммо бу шикоят кўрилмай туриб, ҳуқуқ ҳимоячиси жазони ўташ учун колонияга жўнатилиш арафасида. Яъни, айбланувчилар колонияга юборилишидан аввал Тошкентдаги 1-сонли ҳибсхонага олиб келинади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз фаоли иши юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ маэмурияти, жиноят иши бўйича Фарғона вилояти судига мурожаатномалар йўллаган. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ҳозиргача бу борада амалий натижалар кўришмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Эркин Қўзиев 2012 йилнинг 3 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани суди судьяси Р. Тошпўлатов томонидан 3 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган. 49 яшар ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора олди-бердисида воситачилик қилиш) билан айбланган.