09 June 2012
01:08 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Эркин Қўзиевнинг кассация суди 21 июнга кечиктирилди
Фарғонадан олинган хабарга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон тумани бўлими собиқ раиси Эркин Қўзиевнинг кассация суди номаълум сабабларга кўра шу йилнинг 21 июнига қадар кечиктирилди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокатига кўра, судьяларнинг кўпчилиги Францияда ўтаётган ўқув-семинар машғулотларида экан. Шу боисдан ҳам кассация судлов ҳайъати тўпланмаётганмиш. Аслида суд мажлиси бугун ўтказилиши лозим эди.

Эслатиб ўтамиз, Эркин Қўзиев 2012 йилнинг 3 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани суди судьяси Р. Тошпўлатов томонидан 3 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган. 49 яшар ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора олди-бердисида воситачилик қилиш) билан айбланган. У ҳозирда Фарғона шаҳридаги вақтинчалик изоляторда сақланмоқда.