05 June 2012
18:57 - Сенсация: ЎзА Ислом Каримни Президент деди, у Хитойга жўнаб кетди
Давлатнинг расмий ахборот агентлиги ЎзА ҳар доим Ислом Каримни “президентимиз” деб тилга оларди. Бугун пешинда тарқатилган хабарнинг сарлавҳаси - “Президент Хитойга жўнаб кетди”. Хабарда Ислом Каримнинг Хитойга расмий ташриф билан кетганига урғу берилиб, у 6-7 кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида иштирок этиши шунчаки тилга олиб ўтилади.

Аслида, Ислом Карим Хитойга асосан ШҲТнинг саммитига кетмоқда. Хитой раҳбарлари бу анжуман доирасида ШҲТга аъзо бўлган давлатларнинг президентлари билан бўладиган учрашувларига юқори мақом бериб, уларнинг кўнглини олмоқчилар, шекилли. Ислом Карим учун бу айниқса муҳим, чунки, у бундай нарсаларни севади, сўнгги йилларда эса, тузукроқ жойга чақирилмайди.

Хитой раҳбарлари бугун Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентларинии ҳам айнан шу мақомда кутиб олиш билан машғул бўладилар.

Дарвоқе, Ислом Каримнинг расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик тўғрисида декларация ҳам имзоланар эмиш. Куни кеча Тошкентда Россия Президенти билан ҳам айнан шундай ҳужжат имзоланган эди.