03 June 2012
10:54 - Жиззахда фотокўргазмами ёки риёкорлик?
Жиззахда ёш фоторассом Назира Боймуҳамедованинг “Она юртим – ота маконим” деб номланган фотокўргазмаси бўлгани ҳақида хабар берган ҳукуматнинг қўғирчоқ сайтларидан бири 12.uz шундай ёзади: “Назира Боймуродованинг кўпчлик асарлари бахтиёр оилалар, ҳаётимизнинг гуллари бўлмиш болаларнинг ҳаёти, уларнинг қизиқадиган нарсаларига бағишланган.”

Фотароссомнинг ўзи эса, мухбирга шундай деган эмиш: “Тоза осмони бор ва қуёш порлаётган, тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган мамлакатдагина болаларнинг қувноқ кулишларини эшитиш мумкин”.

Балки ҳеч нарсадан хабари йўқ ёш болалар 12.uz сайтининг мухбири ва Назира Боймуродова айтаётгани каби Ўзбекистонни жаннатдек кўраётган бўлишлари мумкин. Аммо, улар сал катта бўлгач ва ўзбекнинг қанчалик қашшоқ ҳаёт кечираётганини тушунгач, тезроқ мамлакатдан қочиш фикри билан яшашмоқда. Буни сайт мухбири ва рассомнинг ўзи билмайдими?

Андижонда одамлар, уларнинг ичида ҳеч нарсадан хабари йўқ болалар ҳам бор эди, қандай қонга ботирилганини ижодкорликка даъво қилаётган Назира Боймуҳамедов эшитмаганми?

У “тоза осмон, тинчлик ва осойишталик” ҳақида гапирар экан, қўшни Қирғизистон жанубида, яъни бор-йўғи бр неча юз километр нарида дўзахда каби яшаётган ўзбеклар ҳақида ўйлайдими? Ёки бу рассом осмон ҳам, Сталин томонидан чизиб берилган ердаги сунъий чегараларимиз каби, иккига – жаннат ва дўзахга бўлиб қўйилган деб ҳаёл қиладими?

Бу саволларга жавоб қидирсангиз, ўзини ижодкор деб ҳисоблайдиган рассомимиз оддий риёкор ва мунофиқ эканлигини кўрасиз. Минг афсуски, ёзувчилардан бошлаб ҳам ижодкорларимиз шундай. Аввал, коммунизмни мадҳ этишарди, энди Ислом Карим режимини. Уларнинг на миллат на Ватан келажаги билан ишлари бор. Миллатни сотиб, шунинг эвазига ҳаёт кечиршдан бошқа нарсани билишмайди.