30 May 2012
00:18 - Ўзбек адабиётида шов-шув: шоир Эркин Воҳидов террорчилар отаси
Ёзувчи Ғаффор Ҳотамовнинг босма нашрларда эълон қилинмаган, аммо, электрон варианти “қўлдан қўлга” ўтиб ўқилаётган “Қирқ пари” эссесида шоир Эркин Воҳидони террорчилар отаси деб айблашгача борилган.

Ўз кечинма ва хотираларини қаламга олган Ғаффор Ҳотамов Одил Ёқубовни улуғлайди, аксинча, шоир Эркин Воҳидовни миллат хоини Салой Мадамин билан ҳамфикр ва сўнгги пайтларда эса ғоявий шерик, ҳатто террор масаласида ҳам бир йўналишда ўйлайдиган одамлар сифатида тарифлайди. Гап бу ўринда адабий террордан ташқари қуролли ҳужум ва Андижон воқеаларига дахлдорлик, жангари гуруҳлар билан шериклик ҳақида ҳам бормоқда.

Ғаффор Ҳотамовнинг иддаосича, Андижон воқеаларини “Эрк”чи Салой Мадамин ва Эркин Воҳидов, ҳозирда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган шогирди Хайриддин Султоновлар амалга оширган. Террор хуружидан мақсад ҳукуматни ағдариш, Эркин Воҳидовни Президент қилиш, Салойни эса Бош вазир қилиш эди, дейилади асар давомида.

Ғаффор Ҳотамов узоқ йиллардан бери ЎЗбекистон Республикаси Президенти девонида Бош консультант бўлиб ишлаб келди. Ҳозирда эса “Ўзбекисгон овози” газетаси Бош муҳаррири ўринбосари сифатида фаолият кўрсатмоқда. Одамлар бундай шов-шувли асарга нисбатан турлича муносабатда: биров Ғаффор Ҳотамовни ақлдан озган дейди, яна биров бу асар буюртма, дейди.

Асар билан танишган мухбиримизга кўра, унда тилга олинган воқеаларнинг аксарияти тўғри, лекин айрим ўринларда асосланмаган, ҳужжатлар билан исботланмаган иддаолар ҳам мавжуд. Бир вақтлар ижобий маънода миллатчилиги билан танилган Эркин Воҳидов, айниқса, Қирғизистон жанубидаги воқеалар бўйича овозини чиқармай, миллатга хоинлик қилди, аммо уни террорга алоқаси борлигини гапириш ножиддийликдир.

Бироқ, ҳеч шубҳасиз, феълан “Бирлик”чи бўлган Одил Ёқубов, Миразиз Аъзам кабиларнинг шахси улуғланиши, “Бирлик”ни парчалашга етакчилик қилган Салой Мадамин, Усмон Азим, Мирзо Кенжабек кабиларнинг шиддат билан қораланаши - ахир бир кун Ўзбек миллати ўша воқеаларга берадиган баҳонинг дастлабкисидир.