26 May 2012
06:28 - Мисрда президент сайловнинг иккинчи тури бўлади
23-24 май кунлари Миср Президенти Ҳусни Муборак инқилоб натижасида йиқитилгандан кейин биринчи марта президент сайлови бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, 50 млн сайловчининг ярмигина овоз беришда қатнашган. Шу фактнинг ўзи Мисрдаги ноаниқ ҳолатнинг кўрсатгичидир.

Расмий бўлмaган, аммо ишончли манбаларга кўра, биринчи турда 5 номзоднинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз ололмади. “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг вакили Муҳаммад Мурсий ва Миср ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ қўмондони, Муборак замонидаги сўнги Бош вазир Аҳмад Шафиқнинг ҳар бири 25 фоиз атрофида овоз олиб, иккинчи турга чиқди. Муҳаммад Мурсий бир оз кўпроқ овоз олгани ҳам айтилмоқда.

“Мусулмон-қардошлар” ҳаракати ва салафийлар партиясининг лидерлари ҳам сайловда қатнашиш учун номзодларини кўрсатган эдилар. Улардан бирининг сайловда ғолиб бўлиши кутилар эди. Аммо, ҳали ҳам ҳокимиятда бўлган ҳарбийлар турли сабаблар кўрсатиб, Марказий Сайлов Комиссиясида уларнинг номзодларини рўйхатдан ўтказтирмадилар.

Биринчи тур сайловларининг ниҳоий натижалари 28 майда эълон қилинади. Сайловнинг иккинчи тури 16-17 июнда бўлади, унинг натижалари 21 июнда маълум бўлади. Ютиб чиққан одамнинг инаугурацияси 1 июлга тайинланган.