17 May 2012
06:24 - Ўзбек матбуоти чавақланган Ўзбекистон экс-вазири ҳодисаси ҳақида русларга асосланиб хабар берди
Мамлакатда энг йирик тиражда чиқадиган “Даракчи” газетаси ўрис агентликларига асосланиб, собиқ Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Анвар Жабборовнинг фожиали ўлими билан боғлиқ хабарни ўқувчиларга етказди. Хабарда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қотилликда гумонланиб, собиқ вазирнинг бир қанча танишлари ва қашқадарёлик ҳамюртлари ҳибсга олингани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекмузей” жамғармаси раҳбари, собиқ вазир Анвар Жабборов ўз иш жойида 8 май куни ғойиб бўлган ва 14 майда унинг жасади чавақланган ҳолда кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласидан топилган.

Қизиғи шундаки, бу хабар биринчи бўлиб, рус агентликлари тарафидан эмас, “Озодлик” радиоси ва “Ҳаракат” агентлиги тарафидан тарқатилганди. “Ҳаракат”нинг хабарида бу қотиллик орқасида МХХ тургани ҳам иддао қилинган. “Даракчи”нинг русларга асосланиб хабар тарқатиши эса, ҳамма ўзбек ахборот воситаларининг касаллиги бўлган масхарабозликдир.