11 May 2012
04:02 - “Тошкент” фондлар биржаси ҳиссадорларининг йиллик умумий мажлисини ўтказмоқчи
Асосан валюта сотиш билан машғул бўлиб, Ўзбекистонда фондлар бозори яратиш масаласи билан шуғулланмайдиган “Тошкент” биржаси шу йил 28 май куни пойтахтда ўз ҳиссадорларининг йиллик умумий мажлиси ўтказилишини бугун ўз сайтининг русча саҳифасида билдирди. Шуни айтиш керакки, биржанинг сайтида ўзбеча ва инглизча саҳифалар борлиги ҳам кўрсатилган, аммо улар умуман очилмайди. Демак, “Тошкент” фондлар биржаси учун рус тили ҳали ҳам давлат тилидир.

Умумий мажлиснинг кун тартибида 18 та (!!) масала бор. Муҳим масалалардан бири – яқинда кучга кирган Президент Фармонига асосланиб, биржанинг ҳиссаларини ҳиссадорлардан мажбурий сотиб олиш бўлар экан. Чунки, Президент Фармонига кўра, “Тошкент” биржасининг ҳиссалари Давлат Мулк Қўмитасида (50 фоиз плюс1 ҳисса), Корея фондлар биржасида (25 фоиз минус 1 ҳисса), Ташқи иқтисодий фаолият Миллий Банкида, Халқ Банкида, “Асака-банк”да ва Ўзбекистон саноат-қурилиш банкида бўлиши мумкин.

Демак, бошқа ҳиссадорлардан ҳиссалар мажбуран сотиб олинади. Бу- рақобатнинг камайишига, “Тошкент” биржасининг ривожланиши яна ҳам секинлашишига йўл очиши мумкин. Фондлар биржаси ривожланмагунча, бозор иқтисоди ҳақида гапириш ножиддийликдир.