Бу ҳақда ҳар доимгидек хориж агентликлари, масалан, Озорбайжон режимининг Тренд ахборот хизмати маълум қилди. “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати томонидан харид қилиниши кутилаётган Испаниянинг “Talgo-250” русумидаги гибрид моторли поезди борасида ҳали савдо пишгани йўқ. Келажакда бу поезддан Самарқандни Қарши билан боғловчи 140 километрлик йўлда фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили иккита “Talgo-250” поезди олинган бўлиб, улар фақат электр токида ишлар эди, энди олинадиганининг мотори гибрид, ҳам электр токи ҳам ёқилғи билан ишлайверади.
"Афросиёб" деб номланган бу хилдаги поездларнинг дастлабкиси 2011 йил сентябридан ҳаракатлана бошлаган ва бу поездга бағишлаб шоирлар томонидан қасидалар ёзилди. Президент Ислом Каримнинг ташаббуси билан матбуотнинг кундалик мавзуига айланган тезюрар улов ҳатто анча пайт йўлнинг сифатсизлиги боис тўхтаб ҳам қолди, дейди мухбиримиз.
Ҳозир аввалги поездларни ишлатиш бўйича ҳамма мауаммолар ҳал қилинди шекилли, энди ҳафта сўнги кунлари, яъни жума, шанба ва якшанбада иккитадан рейс амалга оширилади. Хабарларда бу икки рейснинг жадвали берилмаган.