03 May 2012
01:08 - “Эзгулик” жамияти ҳукуматни журналисларни озод қилишга чақиради
Эртага, 3 май - Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатда сўз эркинлиги, плюрализм қадриятлари талабидан келиб чиқиб, ҳукуматни турли баҳоналар билан озодликдан маҳрум қилинган қаламкашларни озод қилишга чақиради.

Жамиятнинг бугун тарқатилган баёнотида “...Ўзининг ўткир публициятик чиқишлари учун Самарқанд суди томонидан узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган Дилмурод Саййид, Тошкент маҳкамаси қарори билан турли диний радикал оқимларга мансубликда айбланган журналистлар Ғайрат Михлибоев, Хайрулла Ҳамидов, “Нурчилар” оқимига мансубликда гумонланган Даврон Тожиев, Абдулазиз Дадахонов ҳамда “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” таҳририятининг бошқа вакиллари, ёзувчи Мамадали Маҳмудов сўз эркинлиги даъво қилинаётган мамлакатда ҳеч бир шартларсиз тутқунликдан халос қилиниши керак” дейилади.

Ўзбекистон иносн ҳуқуқлари жамиятига кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида аллақачон кескин ислоҳотлар мавриди етган. Мамлакатда бу соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилиши ҳамда сўз эркинлигини таъминлашнинг бошқа амалий механизмлари ишлаб чиқилиши, ҳаётга татбиқ этилиши шарт.

Баёнотнинг тўла матни жамиятнинг расмий веб сайтига қўйилган - www.ezgulik.org