29 April 2012
06:21 - Остонада Қозоғистон Халқи Ассамблеясида Нурсултон Назарбой нутқ сўзлади
“Қозоғистон Халқлари” эмас, айнан “Қозоғистон Халқи Ассмаблеяси” деб номланган ташкилотнинг раиси - мамлакат Президенти Нурсултон Назарбойнинг ўзидир. Ассамблеянинг 27 апрель куни ўтказилган XIX сессиясида Нурсултон Назарбой “Қозоғистоннинг йўли: барқарорлик, бирлик, модернизация” номли нутқ қилгани Қозоғистон ахборот воситалари томонидан эълон қилди.

Нурсултон Назарбой ҳар доимгидек икки тилда аралаш нутқ сўзлаган. Нутқнинг боши, охири ва ўрталарида бир неча марта қисқа-қисқа қозоқча гапирилади, нутқнинг қолган асосий қисми рус тилида. Президент қозоқ тилининг ўрни ҳақида ҳам алоҳида гапирган. Унга кўра, тил масаласи сиёсий спекуляцияларга асос бўлмаслиги керак, қозоқ тили конституция бўйича давлат тили, қолган нарсалар вақт масалсидир. 2020 йилгача аҳолининг 95 фоизи давлат тилини билиши керак.

Нурсултон Назарбой 80 йил аввал бўлган очарчилик ва сиёсий репрессияларнинг қурбонларини алоҳида эслаб ўтган. Фуқароларнинг ҳуқуқи ва озодлиги соҳасида Қозоғистон МДҲ, Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти ва ШҲТда биринчи ўринда эканлигини урғулаган. Аммо нутқнинг асосий қисми Қозоғистоннинг иқтисод соҳасидаги буюк ютуқлари ва ҳозир ҳаётга жорий қилинаётган мамлакатни саноатлаштириш дастурини олқишлашга бағишланган.