29 April 2012
01:18 - “Ҳаракат”: Хатқутимизга келаётган мақола ва хабарлар ҳақида
Хатқутимизга келаётган ҳамма нарса бизни қизиқтиради, у ердаги фикр-мулоҳазалар бизни қониқтиради дейиш мумкин эмас. Шундай бўлса ҳам, аниқ факт ва мантиқли аргументларга асосланаган мақолларни эълон қилмоқдамиз ва эълон қилишни давом эттирамиз. Бундай мақолаларга баъзида ўз фикрларимизни илова қилмоқдамиз, аммо, минг афсуски, ҳар доим ҳам бундай қилишга вақт ва имкониятимиз йўқ.

Айни замонда, бизни қизиқтирмайдиган, эълон қилишга лойиқ бўлмаган материаллар ҳам келаётганини айтиш керак. Масалан, 53-54 лақабли Салой Мадамин, ҳизбутаҳрирчи Абутов, ҳуқуқ ҳимоячилигига иддао қилаётган Надежда Отаева, Мўътабар Тожибоеваларнинг шахси, уларнинг инсон сифатидаги ифлосликларини очиб берувчи бир қатор мақолалар олдик. Булар бизни, ўйлаймизки, ўқувчиларимизни ҳам, қизиқтирмайди. Исми саналганларнинг тубанлиги - қилаётган ишларидан кўриниб турибди. Биз уларнинг фаолиятини аёвсиз танқид қилишни, шок терапияси усуллари билан фош қилишни давом эттирамиз, холос. Қозонга яқин юрсанг қораси юқади, деган ўзбек мақоли қанчалик тўғри эканлигини Мўътабар Тожибоева мисолида ҳам кўриб турганимизни ҳам айтиб ўтиш лозим.

Шу кунларда Гулнора Каримнинг ўйнашими, бойфрендими эканлиги айтилаётган қандайдир тожик аслли хонанда Рустам Мадумаровнинг Олмотадаги қандайдир “вечеринка”га боргани, у Ислом Каримга куёв бўлишга тайёрланаётгани ва шу каби ғийбатсифат гаплар билан тўла мақола келди. Бу каби материалларнинг муаллифларига “Исёнкор”, “Янги дунё”, “Эркинюрт” каби шаллақичилик руҳидаги сайтлар билан ҳамкорлик қилишни маслаҳат берамиз.

Мамлакат, миллатнинг келажаги устида қайғурадиган ўқувчилар биз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлишса, уларга “Марҳамат!” деймиз.