28 April 2012
19:04 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Болалар касалхонасидаги нолалар
Боласи хасталаниб даволанаётган ҳамқишлоқ дўстим билан Юнусобод туманида жойлашган 5-сонли болалар касалхонаси қабулхонасига яқинлашганимизда кўз ёшлари яноқларини ювиб, ғазабдан юзлари қизарган оқ халатли навжувон аёл эътиборимизни тортди. Сизни ким хафа қилди, дея сўраганимиз заҳоти: - бундай ишхонага ўт тушсин, дея йўл четидаги скамейкага ўтириб, бор ҳасратини тўкиб солди: - Олдинги бош врач Сайфулла Нарзуллаевич даврида инсоф бор эди. Мавлуда Валиевна раҳбар бўлгач, икки йилдан буён ҳаммани қон қақшатди. Бу нафси ўпқон аёлнинг қўполлиги, ҳақоратларига унча мунча одамнинг юраги дош бермайди... Ишсиз қолишдан қўрқиб шу пайтгача чидадим, бундан кўра кўча супуриб кун кўрган афзал., энди ишдан бўшайман...

Тахминан 30 ёшлардаги бу аёлнинг жаҳл билан айтган гаплари рост бўлса, бош врач Мавлуда Табибова ва унинг жиноий шериклари дарҳол жавобгарликка тортилиши лозим. Яъни:

- Мавлуда Валиевна Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимидаги акаси Анвар Валиевичга таяниб “ўлпон”лар нархини шафқатсизларча ошира бошлади. Касалхонада 10 та бўлим бўлим бўлиб, ҳар бир бўлим мудири олдин ойига 300 АҚШ долари бериб турган бўлса, кейинги пайтда бу нарх 500 АҚШ доларига кўтарилган. Буни эплолмаган мудир ишдан кетиши керак;

- Бундан ташқари, бош врач Мавлуда Валиевна ташаббуси билан оталари бой бемор болалар учун махсус жиҳозланган пуллик палаталар 12 тадан 20 тага етган. Ушбу ВИП палаталар шахсан бош врач тасаруфида бўлиб, улардан тушган пуллар ҳисобхона ҳужжатларида қайд этилмайди. Бош врачнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Валера Сармисоқов касалхона ҳудудида жойлашган ошхона, дўкон, мини маркет, аптека, кафе минутка, пирожка сотувчилардан электр ва газдан касалхона ҳисобидан фойдаланиб, солиқдан яширинча ноқонуний фаолият кўрсатаётганликлари учун “соябон”га “ўлпон” тўлашлари шарт қилиб қўйилган;

- Кислород цехи бошлиғи Бахтиёр Азизов кислородни анестезологлар ва бошқа талабгорларга нақд пулга сотиб бош врач билан баҳам кўргани, бошқа қўшимча манбалардан йиғилган пулларни ўз вақтида йиғиб топширишни бекаму кўст бажаргани учун намунали ходим ҳисобланади. Касалхона қошида ташкил этилган мебель ишлаб чиқариш цехи фаолияти “ўлпон” тўлайолмагани учун айни кунларда тўхтатиб қўйилган. Ҳозир бу жойга муносиб номзод ахтарилмоқда...

- Асли фаолиятини оддий санитаркаликдан бошлаб, 17 йил давомида орттирган катта тажрибаси Мавлуда Валиевнага қўл келиб, мўмай даромад топиш сирини мукаммал эгаллаган. Касалхона ҳудудидаги ҳар бир жой ҳатто, дарвоза олдидаги машиналар тўхташ жойи ҳам ҳисобда. Бу жойдан ҳар куни ўртача 150 000 сўм тушум бўлиб, бу ойига 4.500 000 сўмни ташкил этади?!яқинда Мавлуда Валиевнанинг уйи ёниб кетгач., ўлпонлар салмоғи яна ошиб, ходимларнинг аҳволи янада оғирлашган. Айни кунларда Б.Азизов ва В.Сармисоқовлар Мавлуда Валиевнанинг ёнган уйини таъмирлаш билан машғул...

Суҳбатдошимиз шу асно ҳасратларини тўкиб енгиллашди чоғи: - мабодо журналист эмасмисиз, бу гаплар матбуотда чиқса Мавлуда Валиевнанинг одамлари мени йўқ қилиб юборади, деб касалхона ичкарисига чопиб кириб кетди.

Касалхонанинг биз билан суҳбатлашган бошқа ходимлари ҳам бу ерда пайдо бўлган носоғлом муҳитдан нолишгач, Президентга арз қилсаларинг бўлмайдими десак, улар: - бизга ҳеч ким қулоқ солмайди, вазирликдан келган текширувчилар ҳам камчиликларни яшириб, Мавлуда Валиевнани мақтаб кетишади, бош врачни Соғлиқни сақлаш вазири қўллаб турганида додимизни ким ҳам тингларди! Мавлуда Каримовна: - мен шахсан Бош вазирнинг ҳимоясидаман, деб ошкора таҳдид солиб тургач унга ким ҳам қарши бораоларди?! Журналист бўлсангизлар бу гапларни матбуотда ёритсангизлар яхши бўларди дейишди. Бу бечораларнинг соддалигини қаранг, улар ҳатто бу тахлит гаплар ҳукумат нашрларида чоп этилмаслигини билмайдилар?! Мобода ойнаи жаҳонда 5-сонли болалар касалхонасида бемор болалар малакали муоалажа туфайли соғлиқларини фавқулодда жуда тез тиклаётгани., тўғрисида кўрсатувни томоша қилсангиз ажабланиб юрманг...

Элбек Рахмат