13 April 2012
01:45 - Ислом фанатизми билан кураш: Туркияда, Германияда ва Россияда
Туркияда чиқадиган энг кўп тиражли “Миллиёт” газетасидан олинган бу расмдаги аёл кимлигининг катта аҳамияти йўқ. Аммо, айтиш керакки, тўйидан 72 кундан кейин баскетболчи эри билан ажрашиб, эски ҳаётига қайтаётганлиги айтилган 31 ёшли Ким Кардашиян қайсибир Европа мамлакатидан.

Исломга тўғри келмайдиган бу каби расмлар Туркияда авваллари ҳам газеталарда бўларди. Аммо, дунёвийлик/секуляризм тарафдори бўлган Туркия газеталари ҳозир бу каби расмлар билан тўла. Нимага?

Ҳозир ҳокимиятда бўлган исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси Туркияни Эрон каби давлатга айлантириш йўлидан жуда эҳтиётлик билан, секин-аста кетаётгани ҳозир ҳаммага маълум. Бу расмлар эса, ўша исломчиларга қарши курашнинг ўзига хос услубидир. Табиий, исломчилар ғалаба қозонса, бундай газеталар бекитилади, дунёвийчилар Европага қочади. Аммо, ҳали етарли кучга эга бўлмаган исломчилар бундай расмларга чидашдан бошқа йўллари йўқ.

Германияда ислом фанатиклари билан кураш бошқачароқ йўлдан кетмоқда. Бу мамлакатда бир неча ойдан бери Исломнинг салафийлар оқимига мансуб бўлган фанатиклари мусулмон бўлмаган немислар ичида Қуръоннинг 25 минг нусхасини бепул тарқатиш кампаниясини олиб бормоқдалар. Уларга келиб чиқиши филистинлик бўлган собиқ бизнесмен Ибоҳим Абу Нажи лидерлик қилмоқда. Бу нарса немисларга ёқмаса ҳам, улар ҳеч бир мавжуд қонунга зид бўлмаган бу кампанияга очиқча қаршилик қилмаяптилар. Аммо, турли даражадаги сиёсатчилар уни қоралаб, қонуний йўллар билан тўхтатиш устида ишламоқдалар. Кўрамиз, нима бўлар экан.

Россияда аҳвол бутунлай бошқача. Радикал исломнинг тарғиботи билан шуғулланган озорбайжон аслли, 32 ёшли Метин Мехтиев исмли мусулмон йигитни шу кунларнинг бирида Москвада бўйнига пичоқ уриб ўлдириб кетдилар. Унинг юзи ҳам таниб бўлмайдиган даражада чавоқланиб ташланган. Лекин, унинг кимлиги аниқланган, полиция жиноятчиларни қидиришга бошлаган.

Хуллас, шунақа ишлар. Уч мамлакатда уч хил кураш кетмоқда.