10 March 2012
21:44 - Москвадаги митинг тамом бўлди
Янги Арбатдаги “Адолатли сайловлар учун!” митинги тамом бўлди. Аввалгилари каби парламент ва президент сайловларини қайтадан ўтказиш, сиёсий маҳбусларни озод этиш, сиёсий фаолият учун эркинликлар бериш талаблари ўртага отилди.

Шаҳар полициясига кўра, минтингда 10 минг атрофида одам бўлган. Митингчиларнинг ўзи 26 минг киши тўплангани айтишмоқда. Шундай экан, митинг иштирокчиларининг сони 20 мингча бўлганини гапириш мумкин. Ташкилотчилар 50 минг одам кутишган эди.

Ҳали одамларда режим қаршисида қўрқув борлиги, ҳамма қўғирчоқ номзодлар сайловдан кейин Путиннинг олдида очиқдан-очиқ тиз чўкишгани, Барак Обама айнан митинг арафасида Путиннни табриклагани, Москвада ҳаво ҳали етарлича совуқ эканлиги каби салбий факторларни ҳам ҳисобга олсак, бу намойиш каттагина куч эди. Аммо, Россиядек давлатда буни тиш кўрсатиш, деб баҳолаш қийин.

Демак, Россиядаги сиёсий жараёнларда фавқулодда воқеалар юз бермаса, Путин яна бир неча йил ҳукумронлик қилишини кутиш керак.

Дарвоқе, сўлчилар лидери, бугунги митинг ташкилотчиларидан бири Сергей Удальцов сайлов натижаларидан қониқмаганларни 1 май куни, яъни Путиннинг 7 майга режалаштирилган инаугурацияси олдидан 1 миллион кишилик намойишга чақирди. Кўрамиз, Россия халқи бу чақирувга қандай жавоб беради?