10 March 2012
03:10 - Cурияда ҳукумат кучлари тарафидан яна 54 киши ўлдирилди
Ўтган йили март ойида Башар Асад режимига қарши тинч намойишлар шаклида бошланиб, сўнгра феълан қуролли қўзғолонга айланган воқеалар давомида ҳукумат кучлари 5700 дан кўпроқ одам ўлдирган бўлса, ҳукумат аскарларидан 2 минг киши ўлдирилган. Бугун ҳукумат қўшинлари яна 54 кишини ўлдиришибди.

Россия ва Хитойга орқа қилаётган Башар Асад тинч йўл билан чекинмоқчи эмас. Лекин, ҳамма нарса унга қарши ишламоқда. Оддий аскарларни қўйиб туринг, армия генераллари ҳам қўзғалончилар тарафига қочиб ўтишмоқда. Бугун яна 4 генерал Туркияга қочиб келиб, қўзғолончилар тарафидан тузилган Озод Сурия армиясига қўшилгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Яна икки генерал Суриянинг ичидаги қўзғолончилар билан бирга эмиш.

Аммо, қўзғалончилар тарафида сони 15 минг атрофида бўлган “Ал-Қоида” кучлари борлиги айтилаётгани ҳам қизиқ. Исми келтирилмаган рус дипломатига асосланиб хабар берган Reuters мухбирига кўра, уларнинг кўпчилиги чет элликлар эмиш. Қўзғолончиларнинг вакиллари эса, буни ёлғон дейишмоқда.

Башар Асадга қарши кучлар Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Эртами-кечми, айнан шу кучлар ҳокимиятга келиши ҳам шубҳасиз.