07 March 2012
20:06 - Қор ёғди, лекин излар босилмаяпти ( “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи №5, 7.03.2012)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2006 йилнинг ноябрида “Ботир Хусаинов кимнинг думини босди?” номли баёнот эълон қилган. Унда Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги Солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаменти мулозими Ботир Хусаиновнинг каттагина коррупцион халқани фош этгани, аммо унинг ўзини бу иш учун туҳмат ва сохта айбловлар билан 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани эътироф этилган. Шов-шувли баёнотдан сўнг Ботир қамоқдан қайтди, баёнот қаҳрамонлари Рустам, Хуршид ва Ҳадятуллонинг оталари - мамлакатнинг собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматов, Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидов ҳамда таниқли олим, академик Неъматилла Иброҳимовлар турли важлар билан лавозимларидан бўшатилди, жамоатчилик назаридан четга олинди.

Ботир Хусаинов ўшанда бу номдор шахсларнинг фарзандлари “Ўзбегим” номли ширкат очиб, бир неча миллионлик валюта маблағларини “Туркистон” банки орқали Бирлашган Араб Амирликларидаги 31 та сохта фирмаларга ўтказгани ва талон-тарож қилаётганини фош этганди. Ўша маҳалда от устида бўлган оталарга орқа қилиб, қонуний жавобгарликдан қўрқмаётганини маълум қилганди. Республика Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Президентга бу ҳақда аризалар билан мурожаат қилганди. Аммо айбдорлар жазосиз қолаверди, орадан 6 йил ўтганига қарамай илон яна бош кўтарди. Шу кунларда Ботир Хусаиновга кунда-кунора бўлаётган таҳдидлар, телефон қўнғироқлари мавзуга қайтишга ундамоқда.

“Ҳаётим мудом хавф остида қолмоқда. Токи бу жиноятлар очилиб, айбдолар жазоланмас, коррупция ва жиноятчиликка барҳам берилмас экан, менга таҳдидлар, пўписалар тўхтамайди. Ҳолбуки, мен ҳуқуқни муҳофаза илиш идораларига бу ҳақда бир неча марта аризалар билан мурожаат қилдим. Бу таниқли одамларнинг жиноятлари фош этишга имкон беришларини сўрадим, аммо негадир қонунбузарликлар хаспўшланиб келмоқда. Мен сохта ва қалтис айблов билан қамоқда жазо муддатини ўтаб қайтдим, лекин бунинг ўзи камга ўхшаяпти. Ҳаётим, соғлиғим билан боғлиқ хавфни сезмоқдаман. Мен жамоатчилик, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларидан кўмак сўрайман. Бош прокуратура жиноятни фош этиш истагини билдирса, мутахассис ва гувоҳ сифатида уларга кўмак беришга тайёрман” деб ёзди Ботир Хусаинов “Эзгулик”ка.

Жамиятимиз мамлакат ҳукумати раҳбарларининг фарзандлари, қариндошлари шахси билан боғлиқ бир неча жиноятлар ҳақида ёзган. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Эркин Халилов, жорийдаги Ички ишлар вазири Матлубов ва унинг укаси Жамшид Матлубовнинг хонанда Дилнура Қодиржонова билан боғлиқ саргузаштлари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини Ботир Хусаинов тилга олаётган қонунбузарликлар юзасидан тез фурсатларда жамоатчиликка изоҳ беришга чақиради. Оммавий ахборот воситалари, жамоатчиликни Хусаинов тақдирига беэътибор бўлмасликка ундайди.