06 March 2012
06:23 - Путин иш бошлади: Россияда юзлаб, балки минглаб намойишчилар полиция тарафидан ушлаб кетилган
Кеча кечқурун Москванинг Пушкин майдонида якшанба куни ўтказилган президент сайловларининг натижаларини бекор қилиш, парламент ва президент сайловларини қайтадан ўтказиш талаби билан митингга чиққанларнинг кўпчилиги тарақаб кетган бўлса ҳам, мингга яқин одам майдондан кетишни истамаган. Уларнинг бир қисми Кеемль томон юриш ҳам қилмоқчи бўлган.

Шундан кейин, аввалдан тайёр турган полиция кучлари дарҳол ишга киришиб, шу ернинг ўзида 250 кишини ушлаб кетишибди. Баъзилар мингдан ортиқ одам ушланганини ҳам айтишмоқда.

Президентликка номзодлардан бири Михаил Прохоров бу шаклда ҳибсга олинишларни жуда юмшоқ шаклда бўлса ҳам, ҳар ҳолда, қоралаган ва бу масала билан шахсан ўзи шуғулланишини билдирган.

АҚШнинг Москвадаги элсичи Майкл Макфол эса, воқеаларнинг бу шаклда давом этишидан ташвишда эканлигини билдириб, йиғилишлар эркинлиги бузилаётганини қоралаган.

Хуллас, қайси курсида ўтирмасин, феълан Россиянинг хўжайини бўлган Владимир Путин ўз халқига сигнал бермоқда: бундан буён митинг-питингларга йўл қўйилмайди, ҳамма уйида ўтирсин, ўзбекларга ўхшаб.

Энди Россия халқининг ўзбеклардан фарқли бўлган жавобини кутиш керак.