05 March 2012
22:21 - Гулистонда сохта “Эзгулик”чи ҳибсга олинди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўзини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими вакили деб таништирган ҳамда гулистонлик фуқаролардан биридан товламачилик йўли билан 400 000 сўм миқдорида пора олган 25 яшар Хуршид Раҳматов ҳибсга олинган. Ҳозирда Гулистон шаҳар ИИБнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилган бу йигитчага нисбатан Ўзбекистон Репсубликаси ЖКнинг товламачилик, фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштириш сингари эпизодлар билан жиноят иши қўзғатилган. Агар эртага жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди уни қамоққа олишга санкция берса, Раҳматов тергов даврида сақлаш учун Ховосдаги муассасага олиб кетилади.

“Бизнинг сафларимизда ҳақиқатан ҳам бундай исм-шариф йўқ, лекин шунга қарамай масала айнан бизнинг ташкилотимиз номи билан боғланаётгани ишга қизиқишимизни орттирмоқда” дейди жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев.