03 March 2012
16:43 - Покистон ва Афғонистон мусулмонлари билан бирга бўлсак, қолоқликдан чиқолмаймиз, ўзбеклар Имонийлар мазҳаби яратишда лидерлик қилиши керак
Покистон ва Афғонистонда бўлаётган воқеаларга қаранг.


Покистонда суннийлар шиаларни ўлдириш билан овора эдилар. Энди сунийлар ичида ҳам бир-бирини ўлдириш авжига чиқмоқда. Кеча мамлакатнинг шимолий-ғарбидаги Ҳайбер вилоятида ўлимчи-террорист ўзини ўзи портлатиб, ўзидан ташқари камида 23 кишини ўлдирган, 20 кишини ярадор қилган. Ўлдирилганлар мачитдан намоз қилиб чиқаётан мусулмонлар эди. Яъни мусулмон мусулмонни атайлаб мусулмон бўлгани учун ўлдирмоқда. Ўлдирилганлар “Ислом армияси” номли гуруҳга аъзо бўлиб, унинг вакиллари яқинда “Толибон” одамларини ўлдиришган экан, Толибон бугун қасд олибди.

Афғонистонда АҚШ аскарлари Қуръоннинг китоб шаклидаги нусҳаларини ёққанига қарши норозилик намойишларига чиққан 30 га яқин мусулмон ҳалок бўлди. Қуръон муқаддас,аммо у бизга китоб ҳолида берилмаган, одамлар китобларни Қуроъоннинг нусҳалари сифатида ўша замоннинг имкониятлари доирасида яратишганини тушунмайдиган одамлар - бекорга ўлимга кетаётганини ҳам тушунмайдилар.

Ваҳоланки, 21 асрда яшамоқдамиз. Оддий мусулмонлар шунақа саводсиз, ҳатто ақлсиз, аммо Ислом уламолари қани? Нега улар мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатишмайди. Чунки, уларнинг ўзи ҳам саводсиз. Энг яхши мисол – ўзимизнинг Обидхон Қори.

Агарда ҳар бир ёқилган Қуръон нусҳаси юзидан 30 нафар мусулмон ўлаверса, Ислом душманларига мусулмонларни бутунлай йўқ қилиб юбориш йўли ҳам топиладику. Улар юз минглаб Қуръон нусҳаларини ўзлари тайёрлаб, уларни ёқиб ташласалар, 1 миллиардга яқин мусулмон ўзини-ўзи қириб битиради.

Яқин Шарқдаги араб мусулмонлари, Покистон ва Афғонистондаги маҳаллий мусулмонлар ўта қолоқ аҳволда, уларнинг уламо ва муллалари Қуръонни ёдлашдан бошқа нарсани билмайдилар. Қуръоннинг гўёки 5 та фарзидан камида 3 таси ер юзининг ҳамма ерида ҳам бажариб бўлмайдиган амалиёт эканлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар, Қуръоннинг китоб ёки файл шаклидаги электрон нусҳалари муқаддас бўлолмаслигига ақллари ҳам етмайди.

Шу саводсиз уламо ва муллаларга тақлид қилдаиган ўзимизнинг уламо ва муллалар ҳам мусулмонларни тўғри йўлга сололмайдилар.

Демак, биз ҳам Яқин Шарқ, Покистон ва Афғонистон мусулмонлари каби ўрта асрларга қайтишимиз керакми?

Йўқ, Исломни ўзимиз ислоҳот қилиб, Исломнинг ягона фарзи Имон эканлигини, 5 маҳал номоз, рўза тутиш, Ҳаж қилиш ва Закот бериш – қилса савоб, қилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалиётлар эканлигини тан олишимиз керак. Қуръонни ёдлаб олиш билан чекланмасдан, уни тўғри тафсир қисак, Оллоҳнинг амри айнан шундай эканлигини тушунамиз.

Қолаверса, ҳозир ривожланган мамлакатларда яшаётган мусулмонларнинг кўпчилиги айнан шундай тарзда яшамоқдалар, Имон келтиришган, аммо қолган амалиётларни бажаришмайди. Энди бу нарса расмийлаштирилиши шарт. Бундай мусулмонлар ўзларини Шиа ҳам эмас, Сунний ҳам эмас, Имоний мазҳабига оид эканликларини очиқча айтишлари, Ислом дунёсини қолоқликдан қутқазишнинг ягона йўли - ҳаммани шу мазҳабга ўтказиш эканлигини тушунтиришлари керак.

Ал-Бухорий, Ат-Термизий замонларида айнан бизнинг минтақа уламолари Исломда лидерлик қилишарди. Лидерликни қайтадан қўлга олиш, Имонийлар мазҳабини кенг тарғибот қилиш, уни кенг ёйиш вақти келди.

 

Исломнинг келажаги - Ислом дунёсида ҳозироқ асосий кучга айланиб бораётган, аммо ҳали уюшмаган Имонийлар мазҳабидир!