27 February 2012
01:10 - Абдураҳим Пўлат: Ўзбекни қайтадан оёққа турғизиш учун олиб бораётган курашимизга, ҳеч бўлмаса, “Пойма-пой” фильмидаги Зуҳрадан ўрнак олиб қўшилинг!

Икки йилча аввал Ўзбекистондан келган танишларимдан бири “Пойма-пой” номли фильмнинг дискини олиб келганди. У фильмга, фильмдан хам кўпроқ, унда бош ролни – Зуҳра исмли қизнинг ролини ўйнаган Севара Солиевага қойил қолдим. Шу қиз туфайлигина тарихда қоладиган, аслида, анчагина ибтидоий сценарий асосида яратилган фильмнинг қисқача мазмуни шундай.

 

Замонавий ўзбек бойларидан бирининг Лондонда ўқиб, ўша ерда ишлашга қолган ўғли таътилга Тошкентга келади. У бу ерда мутлақо тасодифан меҳмонхонада фаррош, ресторанда официантлик қилаётган Зуҳра билан тўқнашиб қолиб, уни камситади. Учинчи тасодифий учрашувда Зуҳра йигитдан яхшилаб қасдини ҳам олади. Аммо, кейин маълум бўладики, Зуҳра у йигитнинг ота-онасини ўйида хизматкорлик қиладиган бева хотиннинг қизи экан.

 

Зуҳрони ўз уйида, хизматкор онасига ёрдам бераётган пайтда кўрган йигит, “пойафзалимни ипини боғлаб қўй”, деб қизга иш буюради. Буни камситишдан ҳам кўпроқ ҳақорат деб билган Зуҳра қўлидаги супурги билан йигитга ташланади. Йигит бироз орқага қочиб, каратечилар позасига туриб олганидан қиз қўрқиб кетса ҳам, бир кафтининг орқаси билан кўзларини бекитиб олиб, иккинчи қўлидаги супурги билан пала-партиш ҳужумкор ҳаракатлар қилишни давом эттиради, аммо чекинмайди.

 

Фильм – классик “хэппи-энд”лардан, охир-оқибатда йигит Зуҳрага уйланади. Аммо, мени таъсирлантирган, ҳайратга солган нарса бу эмас, бояги супургили жанг эпизоди. Мени тушуниш учун ўша эпизодни кўриш керак.

 

Қўрқув ичидаги Зуҳранинг бир қўли билан кўзларини бекитиб олиб, иккинчиси билан йигитга ҳужум қилишга интилиши – эсдан чиқмайдиган саҳна, мардлик рамзи эди.

 

Бу фильмни биринчи кўришдаёқ, “Ўзбек қачон ҳеч бўлмаса шу Зуҳрачалик ўз қадр-қиймати учун курашадиган халқ бўлади” деб ўйлаб қолдим. Айнан ўша кунларда Қирғизистон жанубида ўзбеклар қирғин қилинди, нега ўзбекнинг Эркин Воҳид ва Абдулла Ориф каби миллатчилари жим туришибди дея Тошкентдаги сафдошларимдан сўраб, “улар ўзбеклар билан иши бўлмаган Ислом Каримнинг назаридан қолишдан қўрқишади”, деган жавобни олдим.

 

Менинг ҳаёлимда эса, бировнинг назаридан қолишдек аҳмоқона нарсадан эмас, карате позасида туриб олган йигитдан қўрқса ҳам, қўрқмаётган қиз - Зуҳра турарди.

 

Энди асосий мавзуга ўтаман.

 

* * *

 

1990 йилнинг сўнги кунларидан бирида “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақола ёздим. Мақсадим – бундай диктатуранинг олдини олиш йўлида ҳамма демократларни, демократик мустақиллик истаганларни бирлашишга ундаш эди. Аммо, кўпчилик яқинда мустқил бўлишимизни, бунинг устига, Горбачев бошлаб берган демократик жараёнлар орқага қайтиб, диктатура қайтиб келиши мумкинлигини мутлоқа ҳаёлига ҳам келтирмагани сабабли, огоҳлантиришларимга эътибор берилмади.

 

Бир йил ҳам ўтмасдан, айтганимдек, мустақил бўлдик.

 

Яна бир йил ўтмасдан, Пўлат Охунни қаммоқа ташлаган, менга қарши суиқасд уюштириб, бир неча ойга бўлса ҳам сиёсий фаолиятдан четлаштиролган Ислом Карим осонлик билан Совет замонидаги каби диктатурани тиклаб олди. Табиий, ичимиздан чиққан хоинлар аллақачон бунга замин яратиб берганлари ҳам ҳақиқатдир.

 

Ўша пайтда оддий ўзбеклар, демократлардан ҳам кўпроқ, Ислом уламоларининг гапига қулоқ солишарди. Аввалги хотираларимда ёзганимдек, мен уларга мавжуд режимга қарши биргаликда курашиш лозимлигини, акс ҳолда, мавжуд режим бизни йўқ қилолса, кейин навбат ўзларига келишини гапирдим. Йўқ, - дейишди улар очиқчасига. - Ҳозир Ислом Карим динга йўл бермоқда, масчитлар ва ҳатто мадрасалар қуришга рухсат бермоқда, биз уни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Бутун Ислом дунёсининг кўзи ўнгида Ислом Карим бизни йўқ қилишга журъат этолмайди.

 

Аммо, ҳамма нарса яна мен айтгандек бўлди.

 

20 йиллик диктатура натижасида Ўзбекистон ҳароб давлатга айланди, эди ўзбекларни мардикорлар миллати деб танишади. Биз ташкил қилган “Ҳаракат” агентлигининг хабарлари билан танишиш имкони борлар биладики, Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича қозоқлардан 6-7 (!!!) баравар орқада қолдик, иқтисоднинг бошқа кўрсатгичлари ҳам давлат сифатида чўкиб бораётганимизни кўрсатмоқда.

 

Бироқ, 2010 йил июнь ойида бир ҳовуч қирғиз фашистлари ўзбекларни Ўзбек бўлгани учун тириклайин ёқиб, аёллармизни Ўзбек бўлгани учун зўрлаб, ўзбекларни Ўзбек бўлгани учун қирғин қилишгганда, уларга қалқон бўлмадик, уларга ёрдам қўли чўзмадик, тамошабин бўлиб қараб ўтирдик ва миллат сифатини йўқотдик.

 

Ҳа, Ўзбек - миллат сифатини йўқотди.

 

Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида деб айтганимда, қулоқ солмаганлар, мана энди мустақил диктатурада ўтиришибди.

 

20 йил аввал Ислом уламоларига мавжуд режим қарши биргаликда курашиш лозимлигини, акс ҳолда, мавжуд режим бизни йўқ қилолса, кейин навбат ўзларга келишини гапирганимда, қулоқ солишмади. Мана энди уларнинг ҳаммаси жисмоний йўқ қилинди.

 

Худди шунга ўхшаб, Ўзбек миллат сифатини йўқотгани ҳақидаги ҳозирги сўзларимга эътибор бермайдиганлар кўпчилик бўлишини биламан. Чунки, миллат сифатида аҳволимиз шу - миллат сифатини йўқотганимизни ҳам англамаймиз.

 

Ал-Бируний, Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Амир Темур, Улуғбек, Бобурнинг авлодларини кўзимиз олдида бир гуруҳ ифлослар тириклайин ёқса, аёлларимизни зўрлашса, қирғин қилишса, энди бизни тарихий ерларимиздан ҳамманинг кўзи олдида сиқиб чиқаришаётган бўлса-да, биз тамошабин бўлиб ўтирсак, бизни ҳеч ким МИЛЛАТ деб тан олмайди.

 

Фақат бирликчилар Ўзбекнинг ҳимояси учун овоз чиқаролдилар. Қирғизистон жанубига Ўзбек Армиясини олиб киришни талаб қилиб, қирғиз фашистларини тўхтатолдилар.

 

Фақат бир гуруҳ бирликчи-эзгуликчилар 30 миллионлик Ўзбек номидан Қирғизистон элчихонаси олдида норозилик акцияси уюшириб, “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин!” дейишга журъат этолдилар.

 

Фақат бирликчи шоиримиз Юсуф Жума “Кечир қасос муқаррардир хешим менинг, Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг” деб Ўзбекнинг айтиши керак бўлган сўзларни айтолди.

 

Миллат сифатимизни йўқотдик, уни тиклашимиз шарт. Бошқа йўл йўқ. Аммо, бу иш осон эмас.

 

Бу йўлда Армия ҳам керак бўлади, Норозилик акциялари ҳам, Қасос ҳам.

 

 

* * *

 

Бу ишни фақат бирликчилар, фақат эзгуликчилар ёки Юсуф Жума бажаролмайди. Ва бу иш - бир кунлик, бир  қадамлик иш эмас. Чунки, миллат бўлиш осон бўлмаганидек, миллат сифатини йўқотиб, уни қайтадан тиклаш учун курашиш ҳам осон эмас.

 

Миллат душманлари қўлида бўлган ҳокимиятни Ўзбек ўз қўлига олиши, миллат сифатига қайтадан эришиши керак. Ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетаётган миллат хоинларидан тозаланишимиз, керак бўлса уларни йўқотишимиз лозим. Чегаралари сунъий, табиий бойликлари кам, оддий сув масаласида ҳам қўшниларга қарам бўлиб қолган, аҳолиси тез ўсиб бораётган Ўзбекистонни оёққа турғизиш шарт.

 

Бундай ишни миллатнинг иштирокисиз қилиб бўлмайди.

 

“Абдураҳим Пўлат гапни яна айлантириб келиб, одамлардан садақа сўрамоқчи” дейдиганлар топилишини ҳам биламан. Мен ҳеч қачон, на ўзим учун, на миллат учун, бирон нарса сўрамаганман, сўрамайман ҳам. Шу сабабли гапнинг пўскалласини айтаман.

 

Ўзини Ўзбек деб ҳисоблайдиганлар - Ўзбекни қайтадан миллат сифатига қовуштириш учун курашаётганлар сафига қўшилишлари, бунинг учун, энг камида, бу курашни моддий таъминлашда иштирок этишлари керак.

 

Аслида, бу уларнинг мажбуриятидир.

 

Бу курашда иштирок этишни оммавийлаштиришга эришишимиз шарт. Бир маҳаллар хор қилиниб, ўз юртидан ҳайдалаган, аммо юз йиллаб бўлса ҳам курашиб, дунёни бошқарадиган даражага чиққан бир “кичик миллат” ҳам айнан шу йўлдан ўтган.

 

Аммо, биз бу йўлни тезроқ ўтишимиз керак.

 

Эркин Воҳид ва Абдулла Ориф каби “миллатчилар” Ислом Каримнинг назаридан қолишдан қўрқиб, миллатдан юз ўгиришгани каби, муҳожирликда меҳнат қилаётган ўзбекларнинг катта қисми “Бирлик” ва “Эзгулик”га ёрдам берганимиз маълум бўлиб қолса, Ўзбекистонга борганимизда бошимиз балога қолмасин дея Ўзбек эканликларини унутишга тайёр бўлганларини ҳам биламан.

 

Айнан уларга гапираман: Ҳеч бўлмаса, “Пойма-пой”даги Зуҳрадан ўрнак олинг, топталган қадр-қийматимизни тиклаш ҳамма нарсадан юқори эканлигини тушунинг.

 

Вақти келади, бизга ёрдам беришни истаганлар навбатга туради. Ҳа, навбатдаги башоратимга ишонаверинг, айнан шундай бўлади. Ана ўшанда Ўзбек - миллат эканлигини кўрсатган бўлади, ана ўшанда Ўзбек - ғалаба қозонган бўлади.

 

Аввалги чақириқларимда бизга ёрдам беришни истаганлар ўз ёрдамларини АҚШда ҳомийлик ташкилоти сифатида рўйхатга олинган “Uzbekistan Associates – Harakat” (Uzah) ташкилоти номига ёзилган чек ёки «Money order» воситасида шу ташкилотнинг адресига юборишлари мумкинлигини айтган эдим. Ҳозир маъсулиятни тўла ўз елкамага олиш ниятида, ҳамма нарсани менинг номимга, қуйидаги шаклда юборишингиз лозимлигини билдирмоқчиман. (Дарвоқе, ҳали ҳам Совет замонида Москвада берилган чет эл паспорти билан яшаётганим учун исми-шарифим, юмшоқроқ қилиб айтсам, ғалати ёзилади):

 

Abdourakhim Poulatov - Uzah

7318 Fountain Spring Ct
Springfield, VA 22150

USA

 

Ўзбек миллиардерлари Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудовдан бошлаб, чет элларда меҳнат қилиб, оиласини зўрға тебратаётган оддий ўзбекларгача, ҳаммага мурожаат қиламан: Ҳар ким қўлидан келган ёрдамини берсагина,  Ал-Бируний, Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Амир Темур, Улуғбек, Бобур каби буюкларнинг авлоди деган номни оқлайдиган даражага қайтадан чиқамиз.

 

Бу ишга бош бўлоладиган “Бирлик”дан бошқа куч йўқ, бўлолмайди ҳам.