25 February 2012
07:26 - Бу ҳафта Нью-Йорк биржасида кўп ортиш бўлмади
Кеча, яъни бу ҳафтанинг сўнги иш куни Dow Jones индекси бор-йўғи икки поғанага бўлса ҳам, ҳар ҳолда пастга тушди. Аммо, ҳафталик натижа ижобий – Dow Jones 32 поғанага юксалди. Энди унинг қиймати - 12983.

Ҳафта ичида Dow Jones икки-уч марта 13 минглик маррани ҳам ошди, аммо у ерда қололмади.

Маълумки, 2008 йил ёзида бошланган аввал молиявий, кейин иқтисодий кризисдан олдин Dow Jones индексининг қиймати 13-14 минг ўртасида ўйнаб турар эди. Жаҳондаги жараёнлар мантиғидан чиқиб, айтиш мумкинки, яқинда Dow Jones инқироздан аввалги даражага чиқади ёки унга жуда яқинлашади.

Бу дегани, кризис битти деганими? Йўқ. Аммо, катта компанияларнинг акциялари аввалги қийматларини тиклаш арафасида. Демак, молиявий кризиснинг иккинчи тўлқини бўлмайди. Бу эса, иқтисодий кризисдан чиқишнинг кафолатидир.