24 February 2012
06:16 - 23 февраль: Владимир Путиннинг ўлган куни
Ҳа, кеча Россиянинг ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг хўжайини Владимир Путин ўлди. Бу – маънавий ўлимдир. Жисмонийси бизни қизиқтирмайди. Ўзбекнинг мақоли бор: Бировга ўлим тилагунча, ўзингга ҳаёт тила.

Путин яшайверсин, аммо у ўлиб бўлди.

Путиннинг тахти мустаҳкам экан, у мухолифат тарафидан ўтказилган пикет ва митинглар устидан кулди, ўзбек миллатининг хоини Ислом Карим ва Салой Мадаминлар каби “Митинг қилиш – кўча чангитишдир” деган пасткашона сўзларни гапирмаган бўлса-да, аслида, унинг фикри ҳам айнан шундайди.

У митингчилар устидан кулди, уларни қўлидан келганча камситди, қўлидан келганча қаматди. Кеча эса, ҳукуматнинг бутун имкониятларини сафарбар этиб, Лужникида ўз тарафдоларининг митингини қилдирди. Ва бу масхарабозлик митингига ўзи келиб, нутқ сўзлашга мажбур бўлди.

Бир маҳаллар сотқин Салой Мадамин ҳам шундай қилишга мажбур бўлганди. “Митинг қилиш – кўча чангитишдир” деганидан кейин роппа-роса бир ҳафта кейин, “Бирлик”нинг митингига келиб, нутқ сўзлашга мажбур бўлганди. Тўғрироғи, мажбур қилинганди.

Путин ҳам мажбур қилинди.

Бу сиёсий мурдалар ҳали қўлларидан келганча сиёсий саҳнани тарк этмасликка интиладилар. Улар учун жисмоний мурдага айланиб кетмасликнинг бошқа йўли ҳам йўқ. Аммо, жисмоний мурдага айланиш кунлари ҳам яқинлашмоқда.

Владимир Путин шу йўналишдаги сўнгги қадамини кеча қилди.

Худо раҳмат айласин у бечорани ва у каби ўзбекнинг бечораларини.

Расмда – тирик мурда Владимир Путин.