Бугун "Миллиёт" газетасидаги хабарда шу мавзу тилга олинади. Туркияда ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партияси сўнгги парламент сайловларида ўз номзодлари рўйхатига собиқ машҳур футболчи, ҳозирда ундан ҳам машҳур спорт теле-репoртёр Ҳоқон Шукурни (расмда) киритган эди. Шундай қилиб, у энди депутат, аммо эски ишини ташламагани сабабли, парламент мажлисларида қатнашмайди ҳисоб. Газетанинг ёзишича, у Туркия Буюк Миллат Мажлисида сўнгги ойларда бўлган 35 овоз бериш процедурасининг 25 тасида қатнашмаган, парламентга ҳеч бир таклиф киритмаган.
Айни замонда, Еврпарламентнинг италиялик аёл депутати қарши мисол сифатида келтирилади. Люсия Ронзили 2009 йили депутат бўлиб сайлангандан кейин, 2010 йилда фарзандли бўлган ва чақалоғи 6 ҳафтали бўлгач, уни қучоғига олиб, парламент мажлисларида қатнашишга бошлаган.
Люсия Ронзили сайлангандан бери Европарламентнинг 143 умумий мажлиси бўлган бўлса, у 129 тасига қатнашган. Бу аёл шу кунгача парламентга 133 таклиф киритибди, 367 марта сўз олибди. Мажлисларга қатнашиш даражаси бўйича 754 депутатнинг ичида 403 ўринда.
Бу ўзига хос жасур аёлнинг боласи 3 ёшга кирмоқда. Расмда кўриб турганингиздек, қизалоқ онаси билан яна мажлисда ўтирибди. Офарин!