15 February 2012
00:26 - Яна бир марта аввал ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, кейин террорчиларга қўшилмоқчи бўлган Жамшид Мухторов ҳақида
2005 йил Андижон воқеаларидан кейин сиёсий қочқин сифатида АҚШга кетган собиқ “Эзгулик” фаоли Жамшид Мухторов шу мамлакатда террорчиликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини аввал хабар берган эдик.

Шу кунларда агентлигимиз хатқутисига исмини билдирмаган ўқувчимиздан мактуб келди. Хатнинг аноним муаллифи террорчига бошпана бергани учун АҚШ ҳукуматини ва бу ишда Жамшид Мухторовга ёрдам берган БМТнинг Қочоқлар бўйича Бош комиссарлигини кескин қаралайди, АҚШ ҳукумати оддий америкалик солиқ тўловчиларнинг пулига террористлар етиштирмоқда, дейишгача боради.

“Ҳаракат” агентлигининг ўз хатқутисига келган ҳар бир хатни сайтда эълон қилиш ёки унга жавоб бериш мажбурияти йўқ. Аммо, масаланинг бошқа томонларига ҳаммани эътиборини қаратиш мақсадида бу жавобни ёзмоқдамиз.

Биринчидан, Жамшид Мухторов аввалдан террорчи эмасди. У яхшими, ёмонми, ҳуқуқ ҳимоячиси эди. Ўзбекистонда унга босим бўлмаса эди, мамлакатни тарк этмаган ҳам бўларди.

Иккинчидан, бу мураккаб дунёда бўлаётган воқеаларни кўриб турибмиз. Ҳозир ҳамма ерда, ҳатто АҚШда ҳам яширин исломий экстремистик ташкилотлар бор, улар баъзи фанатикларни, ҳатто баъзида содда мусулмонларни ўзларига қўшиб олиш учун доимий ҳаракатдалар. Кўринишидан, Жамшид Мухторов яқинда АҚШда Барак Обамани ўлдириш ҳаракатига тушгани сабабли ҳибсга олинган бошқа бир ўзбек Улуғбек Қодиров каби, ўша экстремистик ташкилотларнинг тузоғига тушган.

Яна кўриниб турибдики, АҚШнинг тегишли идоралари бекор турмаяптилар, керакли ишларини қилмоқдалар, террористларни қўлга туширмоқдалар.

Бир-иккита террорист туфайли ,ўз мамлакатида асоссиз таъқиб қилинаётган одамларга ёрдам бераётган БМТнинг дастурларини шубҳа остига қўйиб бўлмайди. Бундай одамларга бошпана бериб, хайрли иш қилаётган АҚШ ҳукуматини ҳам.