09 February 2012
22:42 - Совет замонида Наврўзга қарши курашган Ўзбекистон энди Севишганлар кунига қарши урушмоқда
Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида бу йўналишда қатта кампания олиб борилмоқда. Исломнинг душмани бўлган Ўзбекистон ҳукуматининг топшириғи билан бу байрам Ислом динига тўғри келмаслиги гапирилаётгани ҳам кулгилидир.

Тарихий фактларга кўра, 14 февраль Севишганлар куни сифатида насронийликдан аввал ҳам байрам қилинарди. Уни насронийлар ўзлаштириб олишган, холос. Қолаверса, жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларида бу кун диний эмас, дунёвий байрам сифатида байрам қилинади.

Ўтган асрнинг 80-чи йилларининг ўртасида худди шунга ўхшаб Наврўзга қарши кураш бошланганди. Ўшанда Ўзкомпартиянинг идеология бўйича котибаси Раъно Абдуллаева бу курашга раҳбарлик қилар экан, унинг ўнг қўли вазифасини бажариш миллатчи шоиримиз Абдулла Орифга топширилганди. Айнан унинг ташаббуси билан Наврўз ўрнига Навбаҳор номли байрам киритишга ҳаракат қилинган. Аммо халқ буни қабул қилмагач, Раъно/Абдуллаларнинг ташаббуси ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетган.

Севишганлар кунига қарши урушиш ҳам фойдасиз. Халқ уни қабул қилса, демократия шароитида унга ҳеч ким тўсиқ бўлолмайди, қабул қилмаса, қилмайди.