09 February 2012
02:42 - Кўкча портлашларида айбдор қилинган шахсники деб ҳисобланган уй биржада сотилди
2010 йилнинг 29 августида Тошкентнинг Кўкча даҳасида содир этилган террорчилик ҳодисалари айбдори сифатида жиноят ишлари Тошкент вилояти суди томонидан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ботир Хўжаевнинг уйи биржада сотилди. Уни тошкентликлардан бири 9,5 минг АҚШ долларига сотиб олган.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Белтепа мавзеси 5-уйнинг бир хонадан иборат бўлган мазкур хонадони шу пайтга қадар можароли мулк сифатида турганди. Яъни, уй аслида фуқаро Зилола Акбаровага тегишли бўлиб, унга вафот этган эридан мерос сифатида қолган. Террорчиликда айбланган Ботир Хўжаев эса, Зилоланинг шаърий никоҳдаги эри сифатида уйда рўйхатда ҳам турмаган, унинг қонуний эгаси ҳам бўлмаган.

Портлашлардан сўнг ўтказилган тергов ҳаракатлари даврида Ботир Хўжаевнинг бу уйга бир неча марта боргани аниқланиб, уй жиноят қуроли сифатида мусодара қилинган эди. Уйнинг ҳақиқий эгаси Зилола Акбарова эса сўнгги 3 йил давомида фуқаролик судлари орқали ҳам ўз мулкини қайтариб ололмади. Энди эса диндорнинг тирик беваси 3 нафар вояга етмаган боласи билан биргаликда кўчага ҳайдалиш арафасида, дейди мухбиримиз.