Бугун Тошкентда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2011 йилда мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятига доир йиллик ҳисоботини жамоатчилик эътиборига тақдим этди. Тақдимот маросимида ЕХҲТ, АҚШнинг Миллий Демократик Институти ҳамда Европа Иттифоқи ваколатхонаси раҳбарлари, шунингдек, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Польша, Италия, Чехия, Латвия давлатларининг дипломатик корпуслари вакиллари иштирок этди.
Жамият ҳисоботини тақдим этган Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов дипломатларнинг саволларига жавоб ҳам қайтариб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир фактларни ва бўлаётган жараёнларнинг анализини ўртага қўйдилар.
Жамиятнинг бу йилги ҳисоботи 6 бўлимдан иборат бўлиб, у ранг-баранг мавзуларни ўз ичига олган. 40 бетни ташкил этувчи ҳисоботда жамият томонидан тадқиқ этилган ишлар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳуқуқий майдондаги кураш жараёни ўз аксини топган.
“Фуқароларнинг ижтимоий норозилиги, диний эркинликлар, фуқаролик жамияти вакилларига муносабат, шахсга нисбатан ноинсоний муомала ва қийноқ ҳамда болалар меҳнати экспулатацияси сингари долзарб мавзуларни ўз ичига олган тадқиқотларимиз жамиятимизнинг марказий офиси ҳамда вилоят, туманлардаги бўлимларига келган 16 404 та мурожаатларни ўрганиш, бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлат ҳокимияти идоралари билан ҳуқуқий майдондаги кураш натижасида юзага келди. Бошқа йиллардагидан фарқли ўлароқ фуқаролар мурожаатларига ижобий ёндашиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини прокуратура ва адлия органи томонидан тиклашга бўлган саъй-ҳаракатлар киши кўнглига бироз оптимистик руҳ солса-да, фуқаролар мурожаати, уларнинг ижтимоий норозилиги кўлами ортиб бораётгани хавотирлар уйғотади” деди Васила Иноятова мухбиримиз билан суҳбатда.
Ҳисоботга кўра, фуқаролар мурожаатларининг 583 таси Андижон вилояти, 1217 таси Сирдарё, 1450 таси Қашқадарё, 950 таси Сурхондарё вилояти, 1001 таси Наманган, 825 таси Фарғона, 334 таси Бухоро, 788 таси Самарқанд, 619 таси Хоразм, 545 таси Жиззах вилоятлари ва 216 таси Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлимларимизга келиб тушди. Уларнинг аксариятини социал ҳаётдаги маиший муаммолар, давлат ҳокимияти бўғиинларидаги қонунсизликдан норозилик ташкил этади.
Шунингдек, мурожаатларнинг каттагина қисми суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти борасидадир.
Бугунги анжуманда Васила Иноятова дипломатларнинг эътиборини тергов ва суршитирув жараёнлари, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқ ҳолларининг оддий ҳолга айланиб бораётганини аянчли фактлар воситасида тасвирлади. Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жинсий зўровонлик ва қийноқлар туфайли юзага келган вазият ҳақида гапирди. Шунингдек, қийноқдек ижтимоий хавфли ҳодисанинг айниқса милиция органлари томонидан кенг қўлланилаётганини таъкидлади.
Жамиятнинг матбуот вакили Абдураҳмон Ташанов болалар меҳнати ва диний эркинликлар борасидаги вазиятни таҳлил эта туриб, бу борада амалда ижобий ўзгаришлар кузатилмаганини эътироф этди.
“Эзгулик”нинг йиллик ҳисоботи кўпчлик Ғарб элчиликларининг вакиллари иштирокида тақдим этилгани ва ҳисоботга қизиқиш юксаклиги шуни кўрсатдики, биринчидан, бу жамиятнинг обрўси тўхтовсиз ортиб бормоқда, иккинчидан, Ғарб мавжуд ҳукумат қаршисида чекиниб, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларига кўз юммоқчи эмас. Шубҳасиз, Ғарб “Эзгулик”ни рағбатлантиргани каби, ҳозир “Эзгулик” ҳам Ғарбни рағбатлантирмоқда.