23 January 2012
06:08 - Ҳожатхоналардан кейин либерал-демократларни ҳам танқид қилишга рухсат берилди
Президент Ислом Каримнинг Ўзбекистонда ҳамма нарсани, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ҳам ислоҳот қилиш таклифи амалга оширила бошлагани, ҳукуматнинг баъзи сайтлари жамоат ҳожатхоналарининги ифлослигини танқид қилаётгани ҳақида аввал хабар бергандик. Энди қўғирчоқ партияларни ҳам танқид қилишга рухсат берилганга ўхшайди.

Табиий, танқид ўзбекона, яъни маслаҳат тарзида бўлади.

“Ўзбекистон овози” газетасининг мухбири Тўлқун Тўрахонов Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ижроия органларининг фаолияти соясида қолиб кетмаслик учун нималар қилиши кераклиги ҳақида маслаҳат беришдан олдин, мамлакатимиздаги муҳим камчиликларнинг баъзиларини тилга олибди. Масалан, бир қатор туманларда солиқ хизмати ва суғорта компаниялари филиалларининг иши яхши йўлга қўйилмагани, баъзи туманларда сартарошхоналар, оёқ кийимларини тузатадиган ва кийим тозалайдиган нуқталарнинг етарли эмаслигини айтиб ўтиб, маслаҳатларга ўтибди.

Унинг фикрича, жорийдаги йилда партиянинг юқори органлари ва қуйи ташкилотлари ҳудудларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, ўзлари қиладиган ишларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишлари керак. Қуруқ ваъдалар бериш замони ўтди, катта режалар билан ўртага чиқиш ва уларни бажариш учун одамларни жалб қилиш замони келди. Бугун фақат конкрет таклифлар, ташаббуслар ва амалий ишлар билан фойда келтириш мумкин.

Демак, дейди мухбиримиз, Ислом Карим раҳнамолигида ҳожатхоналар тозалангандан кейин, сартарошхоналар, оёқ кийимлари тузатадиган ва кийим тозалайдиган ательелар яратишни тезлаштириш бошланади. Бечора либерал-демократлар бундай танқиддан кейин енгларини шимариб, ишга тушадилар. Сартарошхоналар, оёқ кийимлари тузатадиган ва кийим тозалайдиган нуқталарнинг сони Ўзбекистонда кескин ортади.