25 June 2007
03:00 -
23:00 - Ўзбекистон иккита мўжаз ГЭС қуришга киришди - Бухоро ҳокимлари учун Президентнинг кадами қутлуғ бўлмади - Ҳуқуқ ҳимоячиларига қийноқ қўлланилмоқда (“Эзгулик” жамиятининг р
23:00 - Ўзбекистон иккита мўжаз ГЭС қуришга киришди

Бугун, 25 июнда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувэнерго” бирлашмасидан маълум бўлишича, Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳудудида лойиҳа қиймати 16, 9 миллион АҚШ долларига тенг ГЭС (гидро электр станцияси) қуришга киришилди. Электр жиҳозлари бўйича Хитой милли корпорацияси (CNEEC) томонидан амалга оширилаётган мазкур қурилишлар 2008 йилнинг сўнгида якунланиши назарда тутилган. Андижондаги ГЭС қуввати 50 МВт ҳамда Оҳангарондаги ГЭС қуввати 21 МВт ни ташкил этиши кўзда тутилган. Умуман, дейди мухбиримиз, Ўзбекистон 2010 йилга қадар бундай миниГЭСлар сонини 41 тага оширмоқчи.

Бухоро ҳокимлари учун Президентнинг кадами қутлуғ бўлмади

Яқинда Бухоро вилоятига ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини кузатиш учун сафар қилган Президент Ислом Каримнинг ташрифи Бухоро вилояти ҳокими Самойдин Ҳусенов ҳамда Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камоловлар учун хайрли бўлмади. Хусусан, шаҳардаги бесарнжомлик, бозорлардаги инфраструктура Каримовни чунонам ғазаблантирганки, иккала ҳокимнинг ишини ҳам ҳозирда МХХ тафтиш қилмоқда экан. Самойдин Ҳусеновга қарашли шаҳар четидаги бензоколонкалар ёпилиб, суриштирувлар бошлаб юборилган. Шаҳар ҳокими Карим Камолов ҳам сўроқларга жалб этилган.

“Ҳаракат”нинг Бухородаги мухбири вилоят ҳокимлиги билан боғлангач, оммавий ахборот воситаларида Самойдин Ҳусенов билан боғлиқ уй ҳибси ҳақидаги фактни рад этди. Ҳокимлик вакили мухбиримизга вилоят раҳбарига сайловга қадар ўзини тузатиб олишга имкон берилгани, аммо шаҳар ҳокимнинг яқин орада ишдан олинишини айтган. Вакилга кўра, Каримовни ғазаблантирган нарса Президент келадиган куни бозордан одамларнинг қувилгани эмиш. Каримовнинг кутилмаганда одамларни “соғиниб” қолгани Бухоро ҳокими туш кўрибдими, дейди ҳокимлик вакили.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига қийноқ қўлланилмоқда (“Эзгулик” жамиятининг релизи, № 43)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро Ёқубова Озода Толибовна мурожаат этиб, турмуш ўртоғи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими собиқ раиси Фармонов Аъзамга нисбатан жиноий жазони ижро этиш муассасасида руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланилаётганини таъкидлаган. Хусусан, Озода бундан бироз муқаддам эри сақланаётган Жаслиқ (УЯ 64-71) муассасасида у билан учрашиб, бунга амин бўлган. Фуқаро Ёқубованинг эътирофича, ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Фармонов ҳамда Алишер Кароматовларга нисбатан сўнгги бир йил давомида Тошкент турмаси (Тоштурма), Ховос турмаси ҳамда Жаслиқ лагерида ғайри инсоний муносабатда бўлишган. Маъмурлар назоратида қийноқларнинг турли усуллари қўлланилиб, уларда зўраки иқрор хатлари ёздириб олинган.

Маълумки, ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Фармонов ҳамда Алишер Кароматов Сирдарё вилояти ИИБ терроризм, рэкет ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими тезкор вакиллари ҳамда МХХ ходимлари иштирокида 2006 йил 29 апрелда ҳибсга олинган. Жиноят ишлари бўйича вилоят суди қарори билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилганлар. Озоданинг Аъзам Фармоновга таяниб гувоҳлик беришича, дастлабки терговлар пайтида ҳуқуқ ҳимоячисига зўрлик билан газга қарши ниқоб (противогаз) мосламаси кийдирилиб, у нафаси қайтгунча бўғиб турилган. Шундан сўнг товони остига 1,5 литрли сув тўла идишлар (баклашка) билан урилиб, ЎИҲЖ раиси Толиб Ёқубов ҳамда “Эзгулик”нинг Сирдарё вилояти бўлими раҳбарларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Алишер Кароматовнинг тирноқлари орасига мих тиқилиб, кўрсатмалар олинган.

Турмуш ўртоғимнинг таъкидлашича, дейди О. Ёқубова, улар ҳибсга олингач, Тоштурмага келтирилган ва ўтириб ёки ётиб бўлмайдиган карцерларга қамаб қўйилиб, ҳар куни жисмоний қийноқлар қўлланилган. Шу ерда ўзини Зоҳид Йўлдошев (Тоҳир Йўлдошевнинг укаси) деб таништирган маҳбус Аъзамжонга бу қийноқларнинг одатий ҳол экани, ўзининг 6 йилга қамалиб, 13 йилдан бери ўтиргани, унга кўникиш лозимлигини айтиб, тасалли берган. Шундан кўп ўтмай, Тоштурмадаги 37 нафар жиноятчи қаторида ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Жаслиқ муассасасига олиб келинган. “Эрим қариндош-уруғлар, таниш-билишлардан тўла изоляция қилинган ҳолда сақлаб турилибди, дейди Озода Ёқубова. — Мен 2006 йилнинг 15 сентябрида учрашувга борганимда калтаклар зарбидан ҳаммаёғи моматалоқ бўлиб, кўкариб кетгани учун учрашув берилмади. Ниҳоят, орадан бир йил ўтиб, уч кунлик учрашув олишга эришдим ва у киши билан бирга бўлдим”.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Республика Бош прокурори, Ўзбекистон ИИВ Жиноий жазоларни ижро этиш Бош бошқармаси раҳбарияти, Республика ҳукуматидан мазкур ҳодисалар юзасидан изоҳ беришини сўрайди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан давом эттирилаётган қийноқ ва зуғумларни қоралаб, маҳаллий ва халқаро жамоатчиликнинг эътиборини мазкур масалага қаратади. Шифокорлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда мустақил кузатувчилар иштирокида А. Фармонов ҳамда А. Кароматовларнинг аҳволини ўрганиш, уларга тегишли ёрдам кўрсатишга чақиради.