12 January 2012
22:21 - Наманганда “Эзгулик”нинг вилоят конференцияси ўтди
Бугун Наманган шаҳридаги “Наманган” отелининг конференция залида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг вилоят конференцияси ўтди. Вилоятнинг турли туманларидан ташриф буюрган ҳуқуқшунос, педагог ва бошқа касб эгаларидан иборат 16 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси жамият фаолиятини муҳокама қилиб, соҳа юзасидан тегишли стратегияни қабул қилишди.

Жамият раиси Васила Иноятованинг мухбиримизга айтишича, конференцияда аввало жамиятнинг вилоят бўлимини қайта рўйхатдан ўтказиш иши, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлар, фуқаролар мурожаатлари, қийноқ, болалар меҳнати каби мавзулар янги йилда устивор аҳамият касб этиши таъкидланди. Жамиятнинг вилоят бўлими раиси Араббой Қодировга тегишли тартибда Адлия бошқармасига ҳужжатларни қайта топшириш мажбурияти юклатилган.

Шунингдек, мажлисдан сўнг айни даврда “Бирлик” Партияси Бош котиби бўлган Васила Иноят партиявий ҳамкасблари билан алоҳида суҳбатлашди. Бир пайтлар “Бирлик”нинг забардаст бўлимларидан бири бўлган Наманган вилоятида ишларни қайта йўлга қўйиш, узилиб қолган фаолиятни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилишди.

Васила Иноятнинг Наманганга ташрифини билган бир неча фуқаро меҳмонхона олдига келиб, ҳуқуқ ҳимоячисига асосан маиший характердаги шикоятларини тақдим этди.