05 January 2012
04:37 - Чех диссидент Вацлав Гавелнинг ҳоки Прагада кўмилди, Украинанинг собиқ зарғалдоқчиси Юлия Тимошенко колонияга келтирилди, ўзбекларга дарс бўлсин
Мудҳиш Совет замонида коммунистик тузимга қарши тинч йўллар билан курашган, аввал Чехословакия, кейин Чехиянинг биринчи демократик президенти бўлган машҳур Вацлав Гавел ўтган йилнинг 19 декабрида оламдан ўтган эди. Бугун унинг ҳоки фақат оила аъзолари қатнашган маросимдан кейин оила қабристонида кўмилди.

75 ёшида дунёдан ўтган Вацлав Гавел билан расмий видолашув 23 декабрь куни АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон, Франция президенти Николя Саркози, Буюкбритания Бош вазири Дэвид Кэмерон каби жаҳон лидерларининг иштирокида бўлиб ўтган эди.

Ўз принципларидан ҳеч қачон чекинмаган, иродасини қамоқхоналар ҳам синдиролмаган Вацлев Гавел замонамизниннг буюкларидан бири сифатида тарихда қолади.

Бошқа бир қаҳрамоннинг тақдирига қаранг. Украинадаги зарғалдоқ инқилобининг лидерларидан бири, афсонавий қаҳрамонга айланган Юлия Тимошенко ўз сафдоши Виктор Юшченко билан президентлик курсисини талашаётганда ёрдам истаб, ўзининг аввалги душмани - Россиянинг ҳукмдори Владимр Путиннинг пинжига кирди, тагига ётишга ҳам тайёр бўлди. Россия билан ўз мамлакатининг манфаатларига зид бўлган шартномалар имзолади. Шу айби туфайли, 2012 йил октябрь ойида 7 йилга озодликдан маҳкум этилди, апелляция суди ҳукмни тасдиқлагач, декабрь ойининг сўнгги кунларида Харьковдаги қамоқхонага жўнатилди.

Бугун унга қизи билан учрашувга рухсат берилгани хабар қилинди.

Хуллас, икки қаҳрамон – Вацлав Гавел ва Юлия Тимошенко - икки хил тақдир.

Тарих кўрсатмоқдаки, қаҳрамон бўлиш қийин эмас, қаҳрамон бўлиб қолиш, қаҳрамон каби ўлиш қийин.

Ўзбекистон демократик мухолифатининг тарихи ҳам бу аксиомани исботлаб турибди. Мустақиллик учун курашда жуда кўп қаҳрамонлар туғилди, аммо, уларнинг катта бир қисми, Тимошенко каби, ўз рақибларига сотилди. Жафо чеккан – ўзбек миллати бўлди, ўзбеклар миллат сифатини йўқотиш остонасига келди. Бу воқеалар бизга дарс бўлиши керак.