25 December 2011
21:38 - Бу дунё шунақами ўзи? Инсонлар бир-бирларини ўлдиришдан ҳузур қиладиларми?
Афғонистон шимолидаги Талқун шаҳрида кимнингдир кўмилиш маросимида портлаш юз берган, 20 киши ҳалок, 50 киши ярадор бўлган. Маҳаллий полицияга асосланиб, Reuters агентлигининг хабар қилишича, кўмиш маросими пайтида номаълум одам бомба портлатиш механизмини ишга туширган. Қаранг, бир одам ўлиб, бошқалар унга ҳурмат кўрсатиб, кўмиш маросими ўтказаётган пайтда, бу одамларнинг ўзи ўлдирилмоқда. Ўлганлар ичида Афғонистон параламентининг депутати ҳам бор экан. Балки, масад уни ўлдириш бўлган, қолганлар – шунчаки қурбон. Бу дунёга, тўғрироғи, мумулмон дунёсига нима бўлаяпти ўзи?

Бугун мусулмонлар ҳам тан оладиган Исо пайғамбарнинг туғилган куни, насронилар дунёси бу кунни байрам қилмоқда. 152 миллион аҳолиси билан Африкада биричи давлат ҳисобланадиган Нигерияда мусулмонлар билан насронийларнинг сони тахминан 50 фоиздан.

Қаранг энди, байрамини нишонлаётган насронийларнинг 4 та черковида шу дақиқаларгача 4 та бомба портлатилган. Ҳозирча, черковларнинг биттасида 19 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор, холос. Ўтгани йилги байрамларда 32 киши ўлдирилган экан.

Кечагина Суриянинг пойтахти Дамасқда уюштирлган кетма-кет портлашлар натижасида 50 дан кўп одам ҳалок бўлганди. Бу ерда ўлганлар асосан мусулмонлар.

Бу портлашларда ҳалок бўлганларнинг мутлақо кўпчилиги на сиёсат на динларораси можароларга алоқаси бўлмаган оддий одамлар.

Бу дунёга нима бўлди ўзи? Бегуноҳ одамларни ўлимга жўнатаётган жоҳиллар 21 асрда яшаётганларини ҳам тушунмайдиларми?