23 December 2011
23:15 - Андижондаги Малака ошириш институтида Юсуф Жуманинг шеъри ўқилди
Ўқитувчилар малакасини ошириш институтининг Андижон вилояти бўлимида малака ошираётган педагоглар диссидент-шоир Юсуф Жуманинг “Ўзбекистоннинг давлат қарзи бор эмиш” шеърини жон қулоғи билан тинглади. Шеърни ўқиган Марҳамат туманидаги 40-мактаб ўқитувчиларидан бири Руслан Муҳамедов педагогларга маъруза ўқиётган профессорнинг олқишига сазовор бўлди. Профессор шеър матнини ўзига кўчириб ҳам олди.

Қизиғи шундаки, шеър СССР замонида мустамлакачиликни қоралаш ниятида ёзилган бўлишига қарамасдан, унинг оҳанги мамлакат ҳукуматининг ҳозирги сиёсатига ҳам маълум маънода зиддир. Бунинг устига уни ёзган шоир халқ душмани сифатида Ўзбекистонда қамалган, ҳозир АҚШда яшайди. Шундай одам ва унинг шеъри давлатнинг расмий муассасида олқишланди-я, дейди мухбиримизга маълумотни шипшитган манба.

Бундан ҳам қизиғи, шеър матнини кўчириб олган профессор энди малака оширишга келган педагоглар билан бу каби шеърхонликларни давом эттирадими ёки “халқ душмани”нинг шеърини кўтариб юрган ғаламис ўқитувчини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига чақадими? Кўрамиз, нима бўлади.