23 December 2011
22:50 - Тошкентда “Эзгулик” жамияти Марказий Бошқарувининг мажлиси ўтди
Анжуманда жамиятнинг Марказий Бошқаруви аъзолари йиғилиб, фаолиятни ўзаро муҳокама қилди. Бошқарув олдида ҳисобот берган Васила Иноят жамиятнинг марказий идорасига 2011 йилда 1820 та ариза келиб тушгани, 360 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилгани, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига 1220 марта мурожаат қилингани ҳамда турли масалалар билан идорага 590 нафар фуқаронинг келганини таъкидлади. “Агар вилоят ва туман бўлимларимизга келиб тушган мурожааатларни ҳам инобатга олсак, фуқаролар мурожаатлари сони 10 000 тадан ошади. Бу эса фуқаролик ишлари, маиший характердаги мурожаатларни қабул қилмаганимизни ҳисобга олганда ҳам ўтган йилги кўрсаткич билан салкам баробардир” дейди Васила Иноятова.

Жамият раҳбари ташкилоятнинг молиявий муаммолар гирдобида қолгани, бу эса фаолиятга бевосита таъсир кўрсатаётганига урғу берди.

Шундан сўнг вилоят бўлимлари раисларининг ҳисоботи тингланди. Жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев болалар меҳнати, Андижон вилояти бўлими раиси Мусажон Бобожонов рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ муаммолар, наманганлик Араббой Қодиров эса фуқароларнинг мурожаатлари масалаларига тўхталди. Самарқандлик “Эзгулик”чи Мажид Қурбонов асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатсизлигига, тошкентлик Абдураҳмон Ташанов диний эркинликлар масаласига, фарғоналик Адҳам Муҳиддинов сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масаласига эътибор қаратди.

Жамиятнинг Марказий Бошқарув мажлиси 11 кишининг иштирокида ишчан, ўзаро баҳс кайфиятида ўтди. Тошкентда ҳамма ерида бўлгани каби, “Эзгулик”нинг офисида ҳам совуқ бўлгани сабабли, баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари пальтода ўтиришга мажбур бўлишганини расмда кўриб турибсиз.