23 December 2011
20:30 - Россияда сиёсий ислоҳотлар бўладими? Улар бошланди! Ўзбеклар четда турмаслиги керак!!
4 декабрдаги парламент сайловларида Россиянинг феълан хўжайин бўлган Владимир Путиннинг феълан мағлубияти, бундан руҳланган Россия фуқароларининг 10 декабрь куни Москванинг Болотная майдонида, турли манбаларга кўра, 25 дан 100 минг одам иштирокидаги норозилик митинги ўтказишга муваффақ бўлганлари – ҳақиқий ўзгаришлар бошланганининг ҳақиқий кўрсатгичидир.

Аммо, бу дегани, энди ҳамма нарса демократияни ривожлантириш йўлидан текис кетаверади, дегани эмас. Мавжуд режим осонликча таслим бўлмайди. У қўлидан келганча қаршилик кўрсатади, ўзимизнинг Ислом Каримга ўхшаб, ёлғондакам ваъдалар билан халқни алдашга, мухолифатнинг кучини синдиришга интилади. Аммо, Россия Ўзбекистон эмас, бошланган жараёнларни мавжуд режим энди тўхтатолмайди.

Кеча Россия Федерациясининг парламенти – Федерал Мажлисга мурожаат қилган Президент Дмитрий Медведев мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш концепциясини тақдим ҳам қилишга улугурганини - ислоҳотларнинг расмий бошланиши деб баҳолаш керак. РФ Президентига кўра, ислоҳотларнинг биринчи босқичида қуйидаги 6 таклиф амалга оширилади:

- Вилоят ҳокимларини (губернаторларни) тўғридан-тўғри халқ сайлайдиган йўлга қайтиш;

- Сиёсий партияларни рўйхатга олиш процедураларини соддалаштириш;

- Давлат Думаси ва маҳаллий кенгашларга номзод кўрсатиш учун сайловчилардан имзолар йиғишни бекор қилиш;

- Давлат думасини шакллантириш принципларини ўзгартириш;

- Президентликка номзод бўлганларни рўйхатдан ўтказиш учун сайловчилардан тўпланадиган имзолар сонини камайтириш;

- Сайлов комиссияларида партияларнинг вакиллари сонини кўпайтириш.

Энг қизиғи, кечагина бу таклифларни тилга олган Дмитрий Медведев, кеча кечқуруноқ ўз таклифларининг 2, 3 ва 5 пунктларига оида янги қонунлар дастасининг лойиҳаларини Давлат Думасига юборишга улгурибди.

Қонунлар кучга кирса, янги тузилган партияни рўйхатдан ўтказиш учун аввалги 45 минг ўрнига бор-йўғи 500 аъзо керак. Партия Россия субъектларининг ярмидан кўпида ўз ташкилотларига эга бўлиши шарт, аммо бундай ташкилотлардаги аъзоларнинг сони ҳар қанча бўлиши мумкин. Жорийдаги қонун эса, ҳар бир ташкилотда энг камида 450 аъзо бўлишини талаб қилади. Дмитрий Медведев киритган қонун лойиҳаларида аввалги талабларни юмшатиш йўлидаги яна бир қатор янгиликлар бор.

Масалан, турли сайловларда қатнашиш учун партиялар сайловчилардан имзо йиғиш мажбуриятидан ҳам озод қилинадилар. Президент сайлови бундан мустасно, аммо бу ерда ҳам талабларни юмшатиш бор. Амалдаги қонунларга кўра, президентликка номзодни рўйхатдан ўтказиш учун 2 млн сайловчининг имзосини тўплаш керак эди, Энди 100 минг имзо кифоя бўлади. Эслатиб ўтамиз, парламентда аъзолари бўлган партиялар умуман имзо тўплашмайди.

Бу қонунлар қабул қилинса, улар 2013 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Табиий, 2012 йилнинг март ойи бошига белгиланган президент сайловида Владимир Путин жуда кўп овоз билан сайланса, у бу ислоҳотларнинг ҳаммасини секин-аста йўқ қилишга ҳаракат қилади. Унинг сайланиб-сайланмаслиги, сайланса, бошқалардан қанча фарқ билан сайланиши, мухолифатнинг 24 декабрда Москвада Сахаров проспектида ўтказиладиган митингига қанча одам келишига ҳам боғлиқ.

Россияда режалаштирилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ҳам келажагига таъсир этиши муқаррар эканлигини назарда тутиб, бу мамлакатда, жумладан, Москвaда яшаётган ҳамма ўзбеклар, Россия фуқароси бўлиш-бўлмасликдан қатъий назар, 24 декабрдаги митингга чиқишлари ва ислоҳотлар тарфдорларини маънавий қўллаб-қувватлашлари мақсадга мувофиқдир. Ўзбек гуруҳлари митингга уюшган шаклда чиқиб, ўз борликларини кўрсатсалар, масалан, ўзбекларнинг борлигини кўрсатувчи плакатлар билан, бундан ҳам яхши бўлади.

“Ҳаракат” таҳририятидан: Шу митингга чиқиб, ўша ердан биз билан алоқа қилиб туришни истаганлар, бизнинг электрон адресимизга мобил телефон номерларини ёзиб юборсалар, миннатдор бўламиз. Бизга хат ёзиш учун сайтимизнинг юқори қисмидаги “Хабар жўнатиш” бўлимига киринг.